ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги “Амударё томорқа хизмат кластери” масъулияти чекланган жамияти 17 минг 800 дан ортиқ хонадондаги томорқа ер эгаларига хизмат кўрсатиб келмоқда.
Жорий йил эрта баҳорда МЧЖ томонидан бир нечта турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари уруғи ва кўчатлари, шунингдек, зарур минерал ўғит ва ёқилғи мойлар омилкорларга етказиб берилди. Бунинг учун корхонадаги 17 та мотокультиватордан самарали фойдаланилди. Бундан ташқари, 2 минг гектар майдонга картошка уруғи экилди.
Ҳозирги кунда жами 70 нафар доимий ишчи меҳнат қилаётган корхонада 12 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғи ҳам яхши йўлга қўйилган. Хусусан, сутни қайта ишлаш, мошни саралаш, кунжутни қайта ишлаш цехлари, 400 минг дона жўжа чиқариш инкубатори каби тармоқлар самарали фаолият юритмоқда.
Шунингдек, МЧЖ қошидаги 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган бўлиб, бу ерда асосан помидор ва бодринг етиштирилади.
Корхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захира базасини таъминлаш мақсадида имтиёзли кредит эвазига сотиб олинган, сиғими 750 тонналик замонавий музлаткич ҳам ишлаб турибди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА