Чет эл футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз берилмоқда. Футбол соҳасини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор товарлар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этилади.
Бу Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топган.
Мажлисда ёшларни футболга кенг жалб этиш, футбол соҳасида халқаро талаблар ва стандартлар асосида иқтидорли ўйинчилар тайёрлашнинг самарали тизимини яратишга эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Шунингдек, соҳада маркетинг ва замонавий бошқарув механизмларидан самарали фойдаланиш мақсадида амалдаги солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатини узайтириш зарурати мавжуд.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонун билан Солиқ кодексига 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клубларига барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Жалб қилинган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз берилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари ҳамда соҳани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор товарлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш бекор қилинмоқда.
Мажлисда “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клубларининг молиявий аҳволини яхшилаш, хорижий етук мутахассисларни жалб қилиш орқали соҳадаги мутахассислар малакасини ошириб бориш, шунингдек, хусусий профессионал футбол клубларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши футбол клублари фаолиятини ривожлантиришга, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этишга, мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақаларни, шу жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ҳамда қитъа биринчиликларини юқори даражада ташкил этишни таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА