Айни кунларда пойтахтимизда шашка бўйича Жаҳон кубоги баҳслари бўлиб ўтмоқда.

Саккиз давлатдан 100 нафарга яқин спортчилар иштирок этаётган мусобақаларда дунёнинг энг кучли 12 нафар шашка гроссмейстерлари билан бир қаторда маҳоратли ёшлар иштирок этмоқда.

Жаҳон кубогини бир қатор давлатларнинг шашка федерацияси мутасаддилари қаторида Халқаро шашка федерацияси президенти Владимир Лангин ҳам кузатиб бормоқда.

Бугун ушбу турнир доирасида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида Халқаро шашка федерацияси президенти Владимир Лангин билан учрашув ўтказилди.

Мулоқот давомида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида, хусусан шашка спорт турини ривожлантириш борасидаги ишлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида фикр алмашилди.

Учрашувда айтиб ўтилганидек, юртимиз шашкачилари орасидан 5 нафар халқаро гроссмейстер ва 12 нафар халқаро спорт устаси етишиб чиққан бўлиб, кейинги 5 йил давомида шашка бўйича 13 нафар спортчимиз ўз ёш тоифасида жаҳон чемпионлигига эришди.

Учрашув якунида томонлар келгусида ҳамкорлик бўйича маълум келишувларга эришди.

Тошкентда давом этаётган Жаҳон кубоги беллашувлари 8 апрелга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА