Маълумки, Магнус Карлсеннинг классик шахмат бўйича жаҳон чемпионлигини ҳимоя қилишдан воз кечиши россиялик Ян Непомняший ва хитойлик Дин Лижэнни “шахмат тахти” учун кураш майдонида рўбарў қилмоқда.

Хўш, келгуси икки йиллик муддатда жаҳон шахмат тожи кимга тегишли бўлади? Бу борада турли тахмин ва талқинлар мавжуд. Аммо, барчасига оқ-қора шахмат тахтасида кечадиган 14 партиядан иборат баҳслар ойдинлик киритади.

Куни кеча Халқаро шахмат федерацияси жорий йил 9 апрелдан Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бошланадиган чемпионлик ўйинларининг тақвимини эълон қилди.

Унга кўра, 1-тур ўйини айнан 9 апрель куни бўлиб ўтади. Қолган тур баҳслари  10, 12, 13, 15, 16, 18, 20, 21, 23, 24, 26, 29 ва 29 апрель кунлари ташкил этилади.

Чемпионат низомига кўра, 14 та тур ўйинидан кейин тенглик қайд этилса, 30 апрель куни тай-брейк баҳси ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионлиги мусобақасининг умумий мукофот жамғармаси 2 миллион евродан иборат бўлиб, ғолиб шахматчи 60 фоиз мукофотга эга чиқади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА