Жанубий Кореянинг Кангвон шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтадиган IV қишки Олимпия ўйинлари медалининг олд кўриниши учун ўтказилган танлов ниҳоясига етди.

Танловда 120 га яқин мамлакатдан 300 нафардан зиёд дизайнернинг иши кўриб чиқилди, дейилади Халқаро олимпия қўмитаси хабарида.

Мутахассислар ва ташкилий қўмита аъзолари хулосасига кўра, бразилиялик 27 ёшли Данте Акира Увай Ўсмирлар олимпиадаси иштирокчиларига тақдим этиладиган медалнинг олд томони дизайнини ишлаб чиқиш танлови ғолиби, деб топилди. Акира тик чизиқлардан келиб чиқиб, “Кангвон-2024” шиорини «Бирга ўсинг, абадий порланг!», чорлови ёрдамида ифода этган.

Ташкилий қўмита бразилиялик ижодкор яратган кўриниш такомиллаштирилиши, шу асосда ўйинлар рамзи, корейс маданияти унсурлари намойиш этилиши бўйича саъй-ҳаракат бошлаб юборилганини билдирди.

Ҳайъат аъзоси – сўнгги ўсмирлар Олимпия ўйинлари дизайни муаллифи Янги Зеландия фуқароси Закеа Пейж Данте Акира Увай ижодини юксак баҳолаб, “…эътирофга арзийди, бу рамз ўсмирлар Олимпиадаси қадриятларининг ажойиб талқинидир», дея таъкидлади.

Тақдим қилинган ишлар орасида, шунингдек, колумбиялик Луиза Валенсия Гомес ижодий иши 2-ўринни, мексикалик Карлос Алехандро Кастанеда Аренас яратган кўриниш 3-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, ўсмирлар ўртасидаги қишки Олимпия ўйинлари келгуси йил 19 январь-2 февраль кунларига белгиланган.

 

Т. Рўзиев,

ЎзА