Бугун дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш учун Япониянинг Токио шаҳрига йўл олди.
Терма жамоа мураббийлар кенгашининг қарорига кўра, халқаро ўқув-машғулот йиғинида Дилшодбек Баратов, Камолиддин Бахтиёров, Сардор Нуриллаев, Муҳриддин Тиловов, Обидхон Нўмонов, Муроджон Йўлдошев, Мусо Собиров, Давлат Бобонов, Жаҳонгир Маматраимов, Музаффарбек Тўрабоев, Алишер Юсупов, Шоҳруҳ Бахтиёров иштирок этади.
Терма жамоа бош мураббийи Илиас Илиадиснинг билдиришича, кунчиқар юртда 19 апрелга қадар давом этадиган машғулотлар якунига кўра, 7-14 май кунлари Қатарда ўтадиган жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган терма жамоа таркиби эълон қилинади.
Аёллар терма жамоаси аъзолари мазкур ўқув-машғулот йиғинида қатнашиш учун 7 апрель куни Японияга йўл олади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили пойтахтимизда дзюдо бўйича бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида мамлакатимиз спортчилари 2 та олтин медални қўлга киритиб, 82 та терма жамоа орасида умум жамоада 3-ўринни эгаллаганди.
Т.Рўзиев,
ЎзА