Бетакрор жанг услуби билан бокс ихлосмандлари меҳрини қозонган Бектемир Мелиқўзиевни бундан икки йил муқаддам кутилмаган тарзда мағлубиятга учратган мексикалик Габриэль Росадо яна ҳамюртимиз билан жанг ўтказади.
Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси Бектемир Мелиқўзиев — Габриэль Росадонинг реванш жанги жорий йил 22 апрель куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ташкил этиладиган бокс оқшомида рўй беришини тасдиқлади.
Айтиш лозим, профессионал бокснинг энг ўрта вазн тоифасида 12 та жанг ўтказиб, 11 тасида ғалабага эришган Мелиқўзиев ягона мағлубиятини айнан Росадодан қабул қилиб олганди.
Premier Boxing Championship промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилаётган бокс оқшомининг марказий жанги енгил вазн тоифаси вакиллари Жервонта Дэвис — Райан Гарсия ўртасида ўтса-да, минглаб ишқибозларнинг диққат марказидаги жанг айнан Мелиқўзиев ва Росадонинг реванш учрашуви бўлиши кутилмоқда.
Ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев сўнгги жангини жорий йил 29 январь куни америкалик Улисес Сьеррага қарши ўтказиб, муддатидан аввал зафар қучган. Росадо эса охирги учта жангида рингни боши эгик ҳолатда тарк этган.
Эслатиб ўтамиз, Мелиқўзиев жангига қадар профессионал боксчиларимиздан иккинчи энг енгил вазнда WBА ва IBF йўналишларида жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев ва энг ярим ўрта вазнда жанг олиб бораётган Исроил Мадримов 9 апрель тонгида Сан-Антонио (АҚШ)да рингга кўтарилади.
Аҳмадалиев IBF йўналишида мажбурий рақиб филиппинлик Марлон Тапалесга, Мадримов америкалик Рафаэль Игбоквега рўбарў келади.
Т.Рўзиев,
ЎзА