Президент ташрифидан сўнг…

Фарзандининг ватан ҳимоячиси бўламан деган аҳдини эшитган ота-она қанчалар суюнишини тасаввур қилиш қийин эмас. “Ёш чегарачилар”, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари юрт тинчлиги, сарҳадлар мустаҳкамлиги йўлини тутганлар учун дастлабки катта даргоҳ саналади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳарбий кадрларини тайёрлаш ва ўқитиш тизими бутунлай янги босқичга кўтарилди. Бу ҳақда сўз борганда ҳудудларда ташкил этилган ҳарбий-академик лицейлар фаолиятига тўхталиб ўтиш лозим.

Бугун Термиз шаҳридаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида ўқишни истовчи ўқувчи-ёшлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Қуйида ушбу таълим даргоҳи, унда яратилган шароитлар, ўқишга қабул қилиниш шартлари ҳақида атрофлича маълумот берамиз.

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тасарруфидаги ушбу таълим муассасаси 2020 йил ташкил этилган. Лицей ўқувчилари 2022-2023 ўқув йилини барча замонавий шароитларга эга янги бинода бошлади.

Ушбу ҳарбий-академик лицей 220 ўринга мўлжалланган. Уни бунёд этиш ҳамда жиҳозлашга 62 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфланган.

– Таълим муассасамизда ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб, умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаётган йигитлар қабул қилинади, – дейди ҳарбий-академик лицей директори Музаффар Норқобилов. – Ўқувчиларнинг ётоқхона, ҳарбий кийим ва озиқ-овқат билан таъминланиши уларга катта қулайлик саналади. Яқинда – 13 март куни Президентимиз лицейимизда яратилган шароитлар, ўқитиш тизими билан танишди. Ҳарбий таълимни янада такомиллаштириш, ёшларни боболар жасорати асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича тавсиялар берди. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг муассасамизга келгани ўқувчиларимизга ўзгача куч-ғайрат бағишлади. Биз яратилган имкониятлардан янада самарали фойдаланамиз.

Мазкур лицей шароитлари билан танишар экансиз ҳайратингизни яшира олмайсиз.

Кенг машғулот ва ўқув хоналари, фан кабинетлари, лабораториялар замонавий стандартлар асосида жиҳозланган. Ётоқхона, ошхона, спорт зали ва майдонида ҳам барча қулайликлар мавжуд. Ўн тўрт мингга яқин турли адабиёт ва китоблар фондига эга ахборот-ресурс маркази, маънавият хоналар ўқувчилар билан ҳамиша гавжум.

Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтини самарали ташкил этиш учун турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

Ўқишга қабул – шаффоф ва адолатли

Ушбу ҳарбий-академик лицейга ўқишга кириш истагини билдирганлар қандай йўл тутиши керак деган савол туғилиши табиий.

Аввало мактабнинг 9 синфини тамомлаётган ўқувчи ўзининг яшаш жойларидаги Мудофаа ишлари бўлимларига ариза билан мурожаат қилади. Аризада ўзи танлаган йўналиш кўрсатилади. Ариза қабул қилиниб, ўқувчи номзодга айланади.

Номзод эса дастлабки ва ҳарбий-касбий танловлардан муваффақиятли ўтганидан сўнг тест синовларига қўйилади. Тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўрнатилган тартибда ўтказилади. Тест мураккаб бўлмайди, умумий ўрта таълим фанларининг 5-9 синфлари кесимида тайёрланади.

Дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан муваффақиятли ўтган маълум тоифалар борки, улар тест синовларисиз ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Хусусан, халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари – белгиланган қабул квотаси доирасида тест синовлари қабул қилинади.

Ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки жароҳатланиш (шикастланиш) оқибатида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари – квотадан ташқари лицей ўқувчисига айланади.

Имтиёз, имконият ва соғлом рақобат

Аниқ ва ижтимоий фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиладиган даргоҳда ҳозирда 200 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Лицей битирувчиларига бир қатор имтиёзлар берилишини алоҳида қайд этиш лозим.

Хусусан, бу ерни имтиёзли диплом билан тугатганларга таълим йўналишига қараб ДХХ академияси ёки Қуролли Кучлар академияси Чегара факультетига тест синовларисиз кириш ҳуқуқи берилади.

Бу, ўз навбатида, муассасада таълим олиш жараёнида соғлом рақобат муҳитини яратади.

Шунингдек, Олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлар кўзда тутилган. Хусусан, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдорида, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.

Яна бир муҳим томони, битирувчилар «B», «C» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳам эга бўлади.

Юрт тинчлиги, сарҳадларимиз мустаҳкамлиги йўлида хизмат қилаётган ўғлонлар ҳамиша эл ардоғида бўлади. Она Ватан посбони бўлишдек шарафли йўлни танлаган йигитларга эса ҳамиша олға босинг, дегимиз келади.


Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА