Бугун, 4 декабрь куни Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда Халқаро кураш ассоциацияси бошқарув қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда миллий спортимиз курашнинг халқаро ривожини таъминлаш борасидаги 20 га яқин масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, жорий йил давомида курашнинг дунёда оммавийлигини янада кучайтириш мақсадида дунёнинг кўплаб давлатларида ички чемпионатлар, халқаро мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинлари, ҳакам ва мураббийлар учун турли семинарлар ўтказилгани, Ислом бирдамлик ўйинлари, AIMS халқаро ташкилоти тизимидан курашнинг ўрин олиши масаласида келишувларга эришилгани эътироф этилди.

Йиғилиш якунида 2025 йил ўтказиладиган мусобақалар дастури бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Айтиш лозим, эртага Мўғулистон пойтахтида ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари бошланади.

Ушбу жаҳон чемпионатида дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 300 нафардан зиёд курашчилар қатори тажрибали мураббийлар Олим Равшанов ва Умида Матёқубова етакчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам ғолиблик учун кураш олиб боради.

Т.Рўзиев,  

ЎзА