Таиландда бокс бўйича катталар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг навбатдаги кунида уч нафар чарм қўлқоп устамиз ярим финалга йўл олди.

Жумладан, чорак финал баҳсларининг -67 кг. вазн тоифасида ўтган беллашувларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Мужибилло Турсунов қирғизистонлик Алмаз Оразбековга қарши жанг қилди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бешинчи кунги баҳсларда вазни -71 кг. бўлган Ҳавасбек Асадуллаев 1/4 финалда хитойлик Гуофенг Лигани йирик 5:0 ҳисобида таслим этди.

Шунингдек, 75 килограммгача вазнда жанг қилаётган Жавоҳир Умматалиев мезбонлар вакили Веерапон Жонгжоҳо устидан зафар қучди.

Бир неча дақиқалардан сўнг қитъа биринчилигида хотин-қилар ўртасидаги баҳслар бошланади. Унда вазни -48 кг. бўлган Фарзона Фозилова мезбонлар вакили Тҳипсатча Ёдвареега, -50 кг. вазнда Сабина Бобоқулова мўғулистонлик Ҳулан Алтанбекка қарши рингга кўтарилади.

Маълумот ўрнида: ушбу чемпионатдаги аёллар ўртасидаги жанглар бош ҳимоя воситасисиз ўтказилмоқда. Бундай жанг ҳамюртимиз Фарзона Фозилова ва непаллик Аарати Бомжанни баҳсида бўлди. Бу эса аёллар боксида илк бор шлемсиз ўтказилган жанг сифатида тарихга кирди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА