Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан “Шамол электр станциясини ташкил этиш” лойиҳаси доирасида Қораўзак тумани “Қойбақ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган “Нукус-1” лойиҳаси қурилишида бўлди.

Умумий қиймати 107 миллион доллар, қуввати 100 Мегаватт бўлган лойиҳа доирасида ҳар бирининг қуввати 6,5 Мегаватт бўлган 16 та шамол турбинаси генератори барпо этилади. Бугунги кунда 3 та турбина тўлиқ қуриб битказилган. Яқин кунларда яна 1 та турбинанинг қурилиши ҳам якунланади. Асосийси, лойиҳани амалга оширишда 150 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланган. “Нукус-1” лойиҳаси тўлиқ ишга тушиши натижасида ҳар йили 350 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига имконият яратилади. Ўртача 100 миллион куб табиий газ сарфи тежалади, ҳавога 180 минг тонна карбонат ангидрид гази чиқиндиси тарқалишининг олди олинади.

Бундан ташқари, “Қойбақ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида умумий қиймати 220 миллион долларлик яна бир “Нукус-2” лойиҳаси ҳам амалга оширилиб, 26 та шамол турбина генератори қурилади. Лойиҳанинг қурилиш ишларида 200 нафардан ортиқ маҳаллий фуқаронинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган. Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг ҳар йили 794 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига имконият яратилади.

Шунингдек, “ACWA Power” компаниясининг Қўнғирот туманида умумий қуввати 2000 мегаваттли шамол электр станциясини қуриш бўйича яна 4 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Жўқорғи Кенгес Раиси қурилиш майдонида амалга оширилаётган ишлар, қурувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ва ушбу мега лойиҳаларнинг ишга туширилиши Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори самараси эканини таъкидлади. Ўз навбатида, нуронийларимиз илгари бўлмаган бу янги лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши учун барча шарт-шароит яратиб бераётган  давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдирди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири