Спорт: қарор ижроси муҳокама қилинди

265

Мамлакатимизда ўқ отиш, стенддан ўқ отиш ва пара ўқ отиш спорт турларини янада оммалаштириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасидан маҳоратли спортчиларни саралаш тизимини такомиллаштириш, ушбу спорт турлари бўйича замонавий спорт инфратузилмаларини яратиш ҳамда миллий терма жамоаларимизнинг халқаро мусобақаларда, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги “Ўқ отиш спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Спорт вазирлигида ўтказилган тақдимот тадбирлари давомида мазкур қарор ижроси бўйича бажарилаётган ишлар таҳлил этилди.

Хусусан, Чирчиқ шаҳридаги “Қибрай спорт мажмуаси” негизида ташкил этилиши белгиланган ўқ отиш, стенддан ўқ отиш ва пара ўқ отиш бўйича терма жамоалар маркази лойиҳаси муҳокама қилинди.

Спорт вазири А.Икрамов мазкур марказ фаолиятини йўлга қўйиш бўйича соҳа раҳбарлари ва мутахассисларга ўқ отиш спортининг техник параметрларини инобатга олиш борасида тегишли кўрсатма ва тавсияларни бериб ўтди.

Йиғилиш давомида шунингдек, пойтахтимизнинг Яшнобод туманида барпо этилаётган Олимпия шаҳарчаси ҳудудидаги маъмурий бино лойиҳаси, бугунгача барпо этилган иншоотларнинг техник ҳолати, мазкур бинодан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ишлари муҳокама қилинди.

Келгусида Олимпия шаҳарчаси ҳудудидаги бино ва иншоотларга Спорт вазирлигининг бошқарма ва бўлимлари ҳамда тегишли ташкилотларни жойлаштирилиш масалалари кўриб чиқилди.

Т.Рўзиев. ЎзА