Ҳар бир инсон кекса ёшда ўз меҳнати самарасини кўриш ва барқарор даромад билан фаровон ҳаёт кечиришни истайди. Пенсия мана шу даромад манбаи сифатида катта аҳамиятга эга. Аммо пенсияга чиқиш учун қандай шартлар бор, уни тайинлаш жараёни қандай кечади?
Бу саволларга жавоб олиш учун биз Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бош мутахассиси Баҳриддин Зиятовга мурожаат қилдик.
– Аввало, пенсия ҳақида қисқача маълумот берсангиз. Кимларга пенсия тайинланади?
– Пенсия бу нафақат кекса ёшдаги даромад, балки ҳар бир шахснинг узоқ йиллик меҳнати самарасидир. Пенсия нафақат кекса ёшдаги моддий барқарорлик, балки йиллар давомида қилинган меҳнатнинг муносиб сийлови ҳисобланади.
Саволингизга келсак, пенсия ёшига етишган ва белгиланган иш стажига эга бўлган ҳар бир шахс пенсия олиш ҳуқуқига эга. Ёшга доир тўлиқ пенсия олиш учун эркакларга 60 ёшга тўлганда 25 йил иш стажи, аёлларга 55 ёшда 20 йил иш стажи талаб этилади. Агар стаж камида 7 йил бўлса, тўлиқсиз пенсия тайинланади. Бу ҳолда пенсия миқдори бироз камроқ бўлади.
– Пенсия тайинланиши учун иш стажи қандай аниқланади? Унга нималар киритилади?
–Иш стажига расмий равишда ишлаб, иш ҳақи ҳисобланган даврлар киради. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлик, ўзини-ўзи банд қилиш ёки хорижда ишлаган даврлар учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса, улар ҳам стажга қўшилади.
Айниқса, аёллар учун бола парвариши, олий ўқув юртидаги кундузги ўқиш ва ҳарбий хизмат даврлари ҳам иш стажига қўшилади.
Маълумот ўрнида, аёл киши расмий ишлаган, иш ҳақи олиб, якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини-ўзи банд этган, шунингдек, хорижда ишлаган бўлса, ижтимоий солиқ тўлаган даврларини ҳисобга олган ҳолда, умумий иш стажи 20 йилга етганида 54 ёшда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.
Бунда агар юқоридаги шартларга асосан камида 7 йил иш стажига эга бўлса, ҳарбий хизмат, олий ўқув юртидаги кундузги ўқиш ва бола парвариши учун олинган таътил (ҳар бир бола учун 3 йилдан, жами 6 йилгача) даврлари ҳам умумий иш стажига қўшилади.
– Демак, ҳар бир фуқаро ёшликдан пенсия ҳақида қайғуриши керак экан. Буни қандай амалга ошириш мумкин?
–Тўғри айтасиз. Фуқароларимиз пенсияга тайёргарликни ҳозирдан бошлашлари зарур. Биринчидан, ўз меҳнат фаолиятини расмийлаштиришлари керак. Расмий ишлаб, расмий даромад олган сари пенсия ҳуқуқи шаклланиб боради. Масалан, my.gov.uz портали орқали иш стажни мунтазам назорат қилиш мақсадга мувофиқ.
Иккинчидан, ташкилотингиз томонидан сизга тўланадиган иш ҳақи, ундан ушлаб қолинаётган даромад солиқлари ва Пенсия жамғармасига ўтказилаётган маблағларни текширишни унутманг.
– Норасмий ишлаётганлар ёки умуман ишламаётганлар учун қандай тавсияларингиз бор?
– Норасмий ишлаётганлар ўз-ўзини банд қилган сифатида рўйхатдан ўтишлари ва ижтимоий солиқ тўлашлари зарур. Бу орқали улар иш стажини йиғиб боришлари мумкин.
Агар ҳозирча ишламасангиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига мурожаат қилиб, меҳнат дафтарчангизни рақамлаштиришингиз мумкин. Бу келгусида пенсияга чиқишда сизга катта енгиллик беради.
– Пенсия миқдорини ошириш учун яна қандай қўшимча маслаҳатлар берасиз?
–Пенсия қонунчилигига оид янгиликларни кузатиб бориш жуда муҳим. Ҳар қандай ўзгариш ёки имтиёзлардан хабардор бўлишингиз керак. Иш стажингиз ва даромадларингиз ҳақидаги маълумотларни доимий назорат қилинг. Шунингдек, фаолиятингиз ҳақидаги барча ҳужжатларни аниқ сақланг.
– Пенсия масаласида қийинчиликка учраган фуқаролар қаерга мурожаат қилишлари мумкин?
– Бундай фуқаролар Пенсия жамғармасининг 1271 рақамли Call- марказига қўнғироқ қилишлари мумкин. У ерда барча саволлар бўйича батафсил тушунтириш берилади. Шунингдек, ҳудудий бўлимлар томонидан ҳам бу масалада яқиндан ёрдам берилади.
Таъкидлаш керакки, барчамиз меҳнат фаолиятимизни расмийлаштиришга, иш стажи тўғри ҳисобга олинишига эътибор қаратишимиз, ижтимоий солиқларни ўз вақтида тўлаб боришимиз лозим. Шу билан бирга, пенсия қонунчилигидаги янгиликларни кузатиб бориш, рақамлаштириш жараёнларини ўз вақтида амалга ошириш орқали пенсия ёшида ҳеч қандай ташвишларга дуч келмасликка кафолат яратилади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.