Ўзбекистон Республикаси Олий суди Интернет жаҳон тармоғидаги диний экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этилиши тақиқланган манба ва контентлар (материаллар) рўйхати ҳақида хабар берди.
Айтиб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 сентябрдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 8-бандида Олий суд ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик, деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши алоҳида қайд этилган.
– Қарорда белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида Олий суд томонидан мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган манба ва контентлар (материаллар) рўйхати Олий суднинг расмий веб-сайтидаги “Очиқ маълумотлар” рукнида (https://sud.uz/wp-content/uploads/2025/01/taqiq.pdf) жойлаштирилган, – деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – Мазкур маълумотлар мунтазам равишда янгиланиб борилади. Эълон қилинган тақиқланган манбалар 1,5 мингга яқин бўлиб, 203 таси “Meta” (Facebook), 703 таси “Telegram” да фаолият юритади.
Бундай манбалар нима учун хавфли?
Асосан дин ниқобига ўралган манбаларда эълон қилинаётган материаллар сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли орасида носоғлом ақидаларни тарғиб этиш, зимдан экстремизм ва терроризм сингари бузғунчи ғояларни одамлар онгига сингдиришга қаратилган.
Бу эса ҳаётий тажрибаси ва диний билимлари етарли бўлмаган ёшларга таъсир ўтказиб, уларнинг онгида ёвузлик, қўпорувчилик сингари иллатларни шакллантириши ҳеч гап эмас. Бундай таъсирга тушган кишилар эса “жиҳод” ниқоби остида қандай бузғунчиликларни амалга ошираётгани эса ҳеч кимга сир эмас.
Бундай бузғунчилик ва вайронакорликни тарғиб қилувчи манба ва материалларни суд тартибида тақиқлаш амалиёти хорижий давлатларда ҳам кенг қўлланилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет нашрлар, каналлар, саҳифалар, профилларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган механизм асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, бу чора-тадбирларга қарамай, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ қилмишларни содир этиш ҳолатлари ҳамон учраб туради.
Ҳолбуки, бундай жиноий қилмишларга нисбатан амалдаги қонунчилигимизда қатъий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Қилмиш оғирлиги даражасига қараб бериладиган жазо ҳам оғирлашиб боради. Бундай қилмиш учун озодликдан маҳрум этиш қонунчиликда назарда тутилган.
Олий суд аҳолига мурожаат қилиб, диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм тузоғига тушиб қолишдан сақланиш, суд томонидан тақиқланган интернет манбалардан йироқ бўлишга чақирди.
Хулоса қилиб айтганда, дунёда кечаётган нотинчликлар, урушлардан тўғри хулоса чиқариш, огоҳ бўлиш билан юртимиздаги тинчликни асрашга ҳар биримиз масъулмиз.
Норгул Абдураимова,
ЎзА