Руминия ҳукмрон коалицияси президентлик сайловини 4 май куни ўтказишга қарор қилди. Зарур бўлса, иккинчи тур 18 майга белгиланади. Ушбу маълумот матбуот баёнотида келтирилган.
Мамлакатда ўтган йил 1 декабрь куни уюштирилган парламент сайловидан сўнг Социал-демократик, Миллий либерал партиялар, венгрлар демократик иттифоқи ва миллий озчилик вакиллари ҳукмрон коалиция тузди. Кеча етакчилар 2025 йилдаги биринчи учрашувга йиғилди.
Келгуси ҳафта ҳукуматнинг шошилинч ҳужжати, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган коалиция қарорини амалга ошириш режаси ва сайлов тақвими тузилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 24 ноябрда бўлиб ўтган президентлик сайловида мустақил номзод Калин Георгеску 22,94 фоиз овоз тўплаб, биринчи тур етакчисига айланганди. 19,18 фоиз натижа билан иккинчи ўринни эгаллаган Елена Ласкони НAТО ва AҚШ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдоридир.
Афсуски, 6 декабрь куни Конституциявий суд Олий хавфсизлик кенгаши махфийлиги ошкор қилинган ҳужжатлар билан тасдиқланган жиддий қонунбузарликни баҳона қилиб, сайлов натижасини бекор қилди. Жамоат ташкилотлари, депутатликка номзодлар ва давлат идоралари мурожаатлари кўриб чиқилиб, шундай қарор қабул қилинди. Президент Клаус Йоханнис 28 ноябрда ўтказган Миллий мудофаа олий кенгаши йиғилишида Ички ишлар вазирлиги ва разведка хизмати сайлов кампанияси вақтида қонун бузилгани ҳақидаги ёпиқ ҳисоботни тақдим этди. Сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари сўровига кўра, бу маълумотлар махфийликдан чиқарилди.