Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотларининг рейтингларда иштироки ва хатолари” мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази мутахассислари, тадбиркорлар ҳамда қурувчилар иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази қурилиш ва коммунал соҳани рақамлаштириш фаолиятини олиб боради. Марказ томонидан яратилган платформалар орасида қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинги алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур тизим инсон омилисиз ишлайди. Асосий мақсад эса қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ҳамда қоғозбозлик ва коррупцияга чек қўйишдан иборат.

Мақсад ёлғон ва нотўғри маълумотлар тарқалишини олдини олиш, шаффофлик ва ишончлиликни таъминлаш бўлгани учун ҳам ижтимоий соҳа объектларини қуриш истагидаги ҳар бир ташкилот рейтингда иштирок этиши шарт. Аҳолининг  хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам ижтимоий соҳа объектлари, хусусан мактаб, боғча, йўл ва сув иншоотлари қурилиши ва таъмирланишини муносиб номзодга топширишда мазкур рейтинг кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилади. Энг муҳими, лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотининг фаолият турининг самарадорлиги ва нуфузини белгилайдиган ушбу рейтингда иштирок этиш жараёни содда ва осон шаклда ишланган. У ортиқча қоғозбозлик ёки оворагарчиликни талаб этмайди. Тадбиркор Reyting.mc.uz сайтидан рўйхатдан ўтиб, ИИН рақами билан ариза юборган ҳолда рейтинг иштирокчисига айланади.

Рейтингдаги мезонлар ва баҳолаш методикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан тайёрланади. Ҳозирда рейтингда 17 мингдан ортиқ корхона иштирок этмоқда ва унинг мингтадан ортиғи Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келади.

Қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинг натижалари ишончлилик тоифаси бўйича А, Б, C, Д даражаларида тоифаланади. ДДД рейтинги энг паст ишончлилик даражаси сифатида аниқланади ва юқори даражадаги хавфни англатади, яъни ишончлилик даражаси 7 фоиздан 20 фоизгача. ААА рейтинги юқори даражадаги ишончлилик сифатида тавсифланади ва минимал хавфни англатади, яъни ишончлилик даражаси 85 фоиздан 100 фоизни ташкил этади.

Тендер савдолари айнан мазкур рейтинг натижаларига кўра ўтказилади ва табиийки, унда рейтинги юқори ташкилотлар устунликка эга бўлади. Рейтингда қурилиш-пудрат ташкилотининг ишончлилигини аниқлаш учун малакали мутахассислар, молиявий кўрсаткичлар, бажарилган ишларнинг сифати, иш тажрибаси, техник база ва рақобатбардошлик каби мезонлар асосида баллар белгиланган бўлиб, етарлича балл йиғиш имконияти ташкилотнинг ўзига боғлиқ.

Рейтинг мезонларига мувофиқ, корхонада махсус техникалар мавжуд бўлганда, корхона ҳисоботлари, маъмурий хўжалик фаолияти тўғри ташкил этилганда юқори рейтингга эришиши мумкин. Электрон тарзда тизимга тегишли рақамлар эътиборсизлик билан хато киритилса, баллар нотўғри баҳоланади ва ташкилот кўзланган натижага эришолмай қолади.

Тадбир иштирокчилари бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА