Соғлом, ахлоқий-руҳий муҳит аввало, ватанпарварликдан бошланади. Бунинг исботи тақдирини ҳарбий соҳа билан боғлаган ёшлар ҳаётида, уларнинг юриш-туриш, фикрлашида яққол акс этади. Ҳарбий хизматчи ёшларнинг билим ва қобилиятларини юзага чиқаришдек олий мақсад эса уларда Ватанга хизмат қилишдек бурчни янада мустаҳкамлаши шубҳасиз. Шу маънода ҳарбийлар билимини ошириш мақсадида турли интеллектуал ўйинлар, мусобақалар ташкил этилмоқда.

Куни кеча Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишланган “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.

Мусобақа доирасида 40 дан ортиқ жамоалар ғолиблик учун ўзаро беллашди. Дастлабки шартларданоқ иштирокчилар катта қизиқиш билан жараёнга киришиб кетди.

“Заковат” интеллектуал ўйини юқори кайфият ва ҳаяжонли дамларга бой, соғлом рақобат остида ўтди. Муросасиз ва қизғин кечган мазкур ўйин якунига кўра 3-ўрин Жамоат хавфсизлиги университети курсантларининг “The Best” жамоасига, 2-ўрин “Qalqon” бригадасининг “Femida” жамоасига ва фахрли 1-ўрин Жамоат хавфсизлиги университети офицерларининг “Favorit” жамоасига берилди.

Ғолиблар диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Мазкур “Заковат” интеллектуал ўйинида 1-ўринни эгаллаган Жамоат хавфсизлиги университети офицерларидан иборат “Favorit” жамоасига турнирнинг кўчма кубоги тантанали равишда топширилди.

Н.Раҳмонова, ЎзА