“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси самолёт бортида ўзини тутиш қоидаларига риоя қилиш зарурлиги ҳақида эслатиб ўтди.
Маҳаллий авиташувчи ҳаво кемаси бортида ўзини тутиш қоидаларини бузиш нафақат йўловчилар хавфсизлигига таҳдид солиши ҳамда ноқулайликлар туғдириши, балки парвоз ва ердаги ходимлар учун қўшимча юкламалар келтириб чиқаришини қайд этди. Шу билан бирга, бундай ҳатти-ҳаракатнинг ҳеч бири жазосиз қолмаслиги эслатиб ўтилди, чунки “Uzbekistan Airways” тартибни бузган шахсларни жавобгарликка тортишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашади.
Мисол учун, 2024 йил 31 декабрь куни Сочи-Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилган HY686 рейсида йўловчилардан бири алкоголь ичимликлар истеъмол қилиб, борткузатувчиларнинг танбеҳларига агрессив жавоб қайтарган ва йўловчиларга ноқулайлик туғдирган. Шунингдек, у авиакомпания ходимларига нисбатан номақбул ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйган.
Самолёт ерга қўниши билан бортга “Тошкент” халқаро аэропортининг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари чақирилди. Улар ҳуқуқбузарга нисбатан терговга қадар текширув ўтказди. Тўпланган материаллар судга тақдим этилди.
Суд қарорига асосан, ушбу йўловчи Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 41-1 (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) ва 187 (Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) моддалари бўйича айбдор деб топилди. Фуқарога беш сутка маъмурий қамоқ жазоси ва 1 базавий ҳисоблаш миқдорида (375 минг сўм) жарима тайинланди.
Ёдда тутинг, авиакомпания қоидаларини бузиш тегишли санкцияларга сабаб бўлади!
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА