ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига тажрибали педагог, Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси Ойгул Қурбонниёзова раҳбарлик қилиб келмоқда. Ушбу муассаса бугунги куни 160 нафар болажонни бағрига олган.
2016 йилда Инвестиция дастури доирасида янгидан қурилган ДМТТда кичкинтойларнинг замонавий мезонлар асосида таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Бу ердаги меҳрибон ва малакали педагог-тарбиячилар жамоаси болажонларнинг ҳар томонлама соғлом камолга етиши йўлида фидойилик билан меҳнат қилмоқда.
Яқинда Ўзбекистон Қуролли можаролар ва антитеррористик кураш ногирон-фахрийларининг “Ватан” хайрия жамоат фонди бўлим бошлиғи Ботир Содиқов ҳамда Хўжайли туман мактабгача ва мактаб таълим бўлими вакиллари муассасада бўлиб, болалар ҳамда педагог-тарбиячилар билан суҳбатлашдилар. Болажонлар ижросидаги қўшиқ ва рақслар меҳмонларга қувонч ва завқ улашди.
Тадбир сўнгида ёш авлодни тарбиялашдаги самарали хизматлари учун мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Ойгул Қурбонниёзовага «Вафо ва садоқат учун» медали топширилди.
ЎзА фотомухбири
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар.