Москвада бўлиб ўтган «Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига юқумли касалликларни олдини олиш соҳасида техник ёрдам кўрсатиш дастури» доирасидаги конференцияда ОИВ/ОИТС, гепатитлар ва бошқа юқумли касалликлар тарқалиши устидан самарали назоратни таъминлашда Шарқий Европа ва Марказий Осиё соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда мамлакатимиз, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон соҳа ходимлари иштирок этди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси маслаҳатчиси Д.Кузиева, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази директори в.б. Б.Убайдуллаев Ўзбекистонда ОИВ/ОИТС, гепатитлар ва бошқа юқумли касалликлар диагностикаси ва олдини олиш ҳамда соҳа ходимларининг бу борада билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.
Конференция давомида бошқа мамлакатларда бу борадаги ҳолат ва юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда диагностика қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича тақдимот қилинди. Вирусли гепатитларни даволаш, касаллик юқтирганлар билан ишлаш, мигрантлар ўртасидаги кўриклар, ҳудудларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича тажриба алмашилди.
Россия Федерацияси, Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган мутахассислар билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказининг курсантлари учун онлайн маҳорат дарсларини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
Шунингдек, делегация аъзолари томонидан лойиҳа ишини янги даражага олиб чиқиш, таълим дастурларини амалга ошириш, мобил клиникалар сонини кўпайтириш, аҳолини эмлаш ва вирусли гепатитлар бўйича янги тадқиқотларни ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА