Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида имкониятлардан самарали фойдаланиб, фаолиятини ривожлантираётган тадбиркорлар тобора кўпаймоқда. Жумладан, туман ҳудудидаги кичик саноат зонасида бир нечта ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд. Хусусан, ёш, изланувчан ва шижоатли тадбиркор Дилдора Ҳайитбоева томонидан сутни қайта ишлаб чиқарувчи “Камрон Голд Медиа” масъулияти чекланган жамияти ҳамда нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мослашган “Равшанбек-Юлдузхон” хусусий корхонасини ташкил этилган.
Тадбиркор Дилдора Ҳайитбоеванинг таъкидлашича, онаси билан биргаликда кунига 100 та нон ва патир ёпишдан бошланган фаолияти бугунги кунга келиб замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган катта цехга айлантирилган. Цехда ҳозирда 30 нафардан зиёд ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Кунига 600 литрдан зиёд сут қайта ишланиб, 10 дан ортиқ турдаги сут маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда.
Тадбиркор келгусида тумандаги ҳар бир маҳаллада сут ва нон маҳсулотларини аҳолига ҳамёнбоп нархларда сотадиган шохобчаларни ташкил этишни режалаштирган. Шунингдек, сариёғ ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқчи.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат,видео),ЎзА