Аввал хабар берганимиздек, “Ўзмиллийбанк” АЖ матбуот хизмати ОАВ вакиллари иштирокида Қорақалпоғистон республикаси бўйлаб пресс-тур ўтказмоқда. Унда журналистлар банкнинг молиявий кўмагида янги ташкил этилган тадбиркорлик объектлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шунингдек, журналистлар тадбиркорлар томонидан яратилган иш ўринлари ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш йўлидаги илғор ташаббуслар ижроси бўйича маълумотга эга бўлди.

Маълумот учун, “Ўзмиллийбанк” АЖ республикамизда сервис тармоғини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришда масъул молия муассасаси ҳисобланади. Шу боис ҳудудларда банкнинг молиявий ҳамкорлигида мазкур йўналишдаги йирик лойиҳалар ишга туширилмоқда. Хусусан, журналистлар  Нукус шаҳридаги “SUN RISE NUKUS” масъулияти чекланган жамиятига қарашли савдо дўконида бўлиб, тадбиркорнинг фикр-мулоҳазалари, келгуси режалари ва бу йўналишда “Ўзмиллийбанк” АЖнинг иштироки тўғрисида тасаввур ҳосил қилишди.

–Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 310 миллион сўмни ташкил этади, – дейди дўкон иш юритувчиси Р. Жангабаев.– Шундан банк томонидан ажратилган 900 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи эвазига савдо маркази учун керакли бўлган маиший техникалар сотиб олдик. Бугунги кунда савдо марказида 10 та ишчи ўрни яратилган бўлиб, ҳудуд аҳолисининг савдо қилишлари учун кенг қулайликлар яратилган.

Эътиборлиси, савдо дўконидаги маҳсулотларнинг асосий қисми республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўлиб, уларнинг сифат ва нархи ҳам ҳудуд аҳолиси даромадига мувофиқ эканлиги бўлди.

Пресс-тур иштирокчиларининг кейинги манзили ҳам Нукус шаҳридан узоқда бўлмади. “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти молиявий кўмагида фаолиятини йўлга қўйган “Dunyo” миллий таомлар ресторани мижозларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Тадбиркор томонидан умумий қиймати 3 миллиард 610 миллион сўм бўлган лойиҳани амалга ошириш учун банкдан 600 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағидан фойдаланиш орқали замон талабларига мос келадиган замонавий овқатланиш маскани ишга тушди. Мазкур ресторан дастлаб 8 та ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб ходимлар сони 20 нафарни ташкил этади. Ресторанда нафақат миллий, Европа ҳамда шарқ таомлари ҳам ўзига хос услубда хўрандаларга тортиқ этилади. Бу эса нафақат шу атрофдагилар, қолаверса, шаҳарга ташриф буюрадиган туристлар учун ҳам таниш манзилга айланди.

Тадбир давомида журналистлар ҳудуддаги “ASADBEK NURI” масъулияти чекланган жамияти томонидан янгидан барпо этилган замонавий спорт зали фаолияти билан ҳам танишиш имконига эга бўлдилар. Тадбиркор томонидан шаҳар марказида қаровсиз турган бинода спорт зали ташкил қилиш лойиҳаси учун банкдан 700 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи олиш орқали мажмуага замонавий спорт анжомлари олиб келинган. Айни пайтда мажмуада 5 нафардан ортиқ ишчи ходим фаолият юритмоқда.  Мазкур муассаса замон талабларига мос келадиган спорт инвентарлари билан жиҳозланган бўлиб, нафақат ёшларнинг балки, шу ерда истиқомат қилувчи барча ёшдаги фуқароларнинг бўш вақтларидан самарали фойдаланишлари учун қулайлиги билан эътиборга молик.

– Авваллари ёшларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун бундай шароитлар йўқ эди,– дейди Нукус шаҳридаги “Қурилишчи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Аманиёз Аекеев. –Спорт залда шуғулланувчилар учун барча шароитлар яратилган. Шунинг учун ҳам нафақат бизнинг ҳудудимиздан, балки қўшни маҳалла аҳолиси ҳам бу ерга келиб шуғулланмоқда. Асосийси, соғлом турмуш тарзи кексаю ёшнинг ҳаёт тарзига айланиб бормоқда.

Таъкидлаш жоиз, бугун сервис тармоғининг муҳим йўналиши ҳисобланган тиббиёт соҳаси Қорақалпоғистон республикасида ҳам кенг миқёсда ривожланмоқда. Бу жараённи ҳудудда замонавий диагностикани ўз ичига олган хусусий клиника ва сиҳатгоҳлар сони тобора ортиб бораётгани мисолида кўриш, кузатиш мумкин.

–Умумий қиймати 3,0 миллиард сўмлик лойиҳа билан фаолиятимизни йўлга қуйдик, – дейди Хўжайли туманидаги “РАЗЫ” тиббиёт маркази директори Айдос Разатдинов – Шундан банк томонидан ажратилган 1 миллиард 500 миллион сўм кредит маблағи эвазига замонавий тиббиёт анжомлари сотиб олдик. Марказимиз фаолиятини йўлга қуйиш орқали 15 та ишчи ўрни яратилди. Бугунги кунда муассасамизда стоматология, гинекология, неврология, умуртқа касалликларини даволаш хизматлари йўлга қўйилган. Шунингдек, марказда жаҳон стандартларига мос УЗИ, лазер терапияси, физиотерапия, лаборатория ҳамда амбулатор даволаниш  ташкил қилинган.

Пресс-тур иштирокчиларининг якуний манзили республиканинг олис ҳудудларидан бири бўлган Шуманай туманидаги “AMIR AYS” тўйхона хизмати фаолияти билан танишиш бўлди. Халқимиз азал-азалдан яхши кунларини ҳамжиҳатликда элга ош бериб нишонлашни одат қилиб келган. Шуманайликлар ҳам ота-боболари удумларига садоқати билан ажралиб туради. Шу боис қатор йиллар давомида бу сингари йиғинларни ўтказиш учун махсус қурилган замонавий тўйхонага эҳтиёжлари бор эди.

Тадбиркор томонидан туманда умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион сўм бўлган лойиҳани амалга ошириш учун бошлаган ташаббуси айни муддао бўлди. Мазкур объект учун банкдан 1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Натижада туман аҳолисига хизмат кўрсатувчи 400 ўринли ихчам тўйхона ташкил қилинди. Ҳозирги кунда мазкур тўйхонада 15 нафар доимий ишчи фаолият юритиб келмоқда.

Умумий қилиб айтганда, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида тадбиркорлар қатламини қўллаб-қувватламоқда. Асосийси, банк янги лойиҳалар орқали ташаббус кўрсатадиган тадбиркорлар учун ҳамкорликка доимо тайёр. Бинобарин, яхши бизнес режа, керакли ташаббус ва пухта лойиҳалар амалиёти учун банк ўз хизматларини таклиф этаверади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА