Нукусда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан янги сайланган депутатлар иштирокида “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ролини ошириш ва фаолиятини такомиллаштириш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18-20 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловдан кейинги биринчи мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқиб янги сайланган депутатлар олдида турган устувор вазифаларга эътибор қаратди. Шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий онгини оширишда, аҳолининг ижтимоий қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишда, марказда ва жойларда давлат ҳокимияти органларини шакллантириш жараёнига таъсир ўтказишда сиёсий партиялар фаолияти муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Таъкидланганидек, сўнгги етти-саккиз йилда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида катта ўзгаришлар юз берди. Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та функция ва ваколат халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилди. Бу демократик тараққиёт сари яна бир катта қадам ташланганлиги мамлакатимиз тарихида илк маротаба вилоят кенгашларига ҳокимлар раислик қилиши амалда бекор қилиниб, вилоят кенгаши депутатлари орасидан сайланган депутат вилоят кенгашига раислик қилишни бошлади.
Семинарда сиёсий партиялар ва депутатларнинг иш услубини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида сиёсий партиялар орқали жойларда “Марказ-вилоят-туман” тартибида ишлайдиган тизими орқали ишлаш ҳақида сўз борди. Бу тизим орқали юқоридан пастга тушиб, ҳам депутатларни, ҳам турли аҳоли қатламларини Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар фаолияти, қонун ижодкорлиги, қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари ҳақида хабардор қилиб бориш йўлга қўйилади. Шу тариқа Олий Мажлис иш услубини вилоят кенгашларига, вилоят кенгашлари иш услубини эса туман ва шаҳар кенгашларига ўргатиш имконияти пайдо бўлади. Ҳаётга, одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан, фақат юқоридан туриб топшириқ беришдек номақбул тажриба энди иш бермаслигини ундан бутунлай воз кечиш вақти келганлигини даврни ўзи тақозо қилмоқда.
Семинар давомида халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, уларни ҳақиқий назорат органига айлантириш борасида ҳуқуқий асослар яратилди. Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида учраётган камчиликлар, депутатларнинг аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасида депутатларнинг роли сезиларли даражада ортганини алоҳида эътироф этдилар. Худди шу тартибда халқ депутатлари вилоят Кенгашлари туманларда, туман Кенгаши депутатлари эса маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар устидан доимий равишда назорат олиб боришлари мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳар бир маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича ишларни “оила – маҳалла – халқ депутатлари Кенгаши – парламент” тамойил асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган семинарда депутатлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтариш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгиланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА