Мактабгача таълим тизимини юксалтириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш доимий эътиборда. Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташрифи давомида бундай муассасаларда бўлиб, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар бериб келади.
Президентнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бундай муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги боғчалар қуриш ишлари бутун мамлакатда амалга оширилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг мактабгача таълим тизимини бошқаришни тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармони билан эса Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Янги вазирликнинг асосий вазифалари босқичма-босқич барча болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш, мамлакатда ўзаро рақобат қилувчи давлат ва нодавлат МТМлари тармоғини яратиш, амалиётга мактабгача таълим ва болаларни тарбиялашнинг муқобил шаклларини жорий этишдан иборат.
54-мактабгача таълим муассасаси 280 ўринга мўлжалланган. Боғча биноси ўтган йили капитал реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозланди. Бу ерда 31 нафар педагог ва тарбиячи болаларга ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда.
Президентга боғчада тажриба тариқасида ташкил этилган қисқа муддатли бошланғич ривожлантириш маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди. Янги тизимнинг афзаллиги қисқа муддатли гуруҳларда болаларга мантиқ, ментал арифметика, инглиз тили, амалий ва тасвирий санъат турлари интерфаол усуллар орқали ўргатилади. У ҳудуддаги боғчага қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Президент мазкур муассасани вилоятдаги боғчалар учун методик тажриба алмашиш марказига айлантириш, соҳани етук мутахассислар билан таъминлаш, хусусан, педагогика коллежини тугатган ёшларни қайта тайёрлов курсларига юбориб, уларни МТМларга ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берди.