Тинчлик ва тотувлик мезони

8- декабрь – Ўзбекистон Республикаси 

Конституцияси қабул қилинган кун

Бу йил Конституциямиз қабул қилинганига йигирма олти йил тўлади. Ўтган давр мобайнида Асосий қонунимизнинг мустақил, демократик давлатимиз юксалиши йўлида аҳамияти беқиёс, ислоҳотларимиз туб замирида эса ўз ўрнига эга.

Ўзбекистон Конс­титуциясининг эътиборга молик жиҳати шундаки, у нафақат демократик ва либерал нормаларни, миллий ва умуминсоний қадриятларимизни ўзида мужассам этган, балки миллий конститу­циялар тарихида ноёб хусусияти билан, аниқроғи, демократик жараёнда, лойиҳаси икки маротаба умумхалқ муҳокамасига қўйилиб қа­бул қилингани билан аҳамиятлидир.

Конституция асосий қонун сифатида бир қатор функ­цияларни бажариши билан жамият ҳаётида муҳим сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга ҳам эгадир. Биринчиси, бу юридик вазифа­сидир. Барча қонунлар Конституциямиз асосида қабул қилинади. Демак, у олий юридик кучга эгадир. Иккинчиси, бу – сиёсий вазифа­си. Барча сиёсий партиялар ва сиёсий кучлар Конс­титуцияда белгиланган меъёрлар асосида фаолият кўрсатади. Сиё­сий тизимни ва сиёсий институтлар фаолиятини белгилаб беради. Конституция ўзгарса, сиёсий тизим ҳам ўзгаради. Учинчиси, бу – мафкуравий вазифа­си. Конституция жамиятда мафкуравий восита сифатида таъсир кучига эга. Яъни, юксак тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, шахс ва жамият, шахс ва давлат ўртасидаги муносабатларни белгилаб беради.

ЎзА мухбирининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаевбилан суҳбати амалдаги қонунчилигимиз ва конституциявий жамият тамойиллари хусусида кечди.

– Ўтган давр мобайнида Конс­титуциямиз қабул қилиниши билан биз Ўзбекистон келажагини, янгитдан барпо этилаётган давлатимизнинг чуқур мазмуни, маъно-моҳиятини, сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиётнинг, юртимиз қиёфасини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадларини аниқ-равшан белгилаб олганимизни ҳақли равишда юксак баҳолаймиз, – деди Эркин Холбўтаев. – Ғурур ва ифтихор билан айтиш мумкинки, Бош қомусимизнинг яратилиши халқимизнинг узоқ йиллик орзу-истаклари, озодлик соғинчи тантанаси бўлди. Асосий қонунимиз уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибамизга таянилган ҳолда, халқимизнинг тарихий анъаналари, кўп асрлик қадриятларимиз, миллий менталитетимиз мужассами ўлароқ майдонга чиқди. Қолаверса, миллий манфаатларимиз, келажаги буюк давлат барпо этиш йўлидаги интилишларимиздан келиб чиқиб, турли демократик мамлакатлар тўплаган инсонпарвар конституциявий тажрибани ҳисобга олгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

– Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш энг катта қадриятлардан бири. Бу Бош қомусимизда ҳам ўз аксини топган, албатта. Демоқчи бўлганим, суҳбатимизни ёшлар ва Конституция ҳақида давом эттирсак.

– Бош қомусимиз буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолати сифатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга, миллий тараққиётимизнинг асосий йўналишларини ҳам белгилаб берди. Конституция ўзбек халқининг мустақилликка, миллий давлатчиликка, аждодларимизнинг урф-одатлари ва бой маънавий меросини қайта тиклашга бўлган орзу-умидларининг қонуний механизмларини яратишга, ижтимоий тараққиётнинг инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига мос равишда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий, сиёсий-ҳуқуқий жиҳатларини мустаҳкамлашга қаратилгандир. Шу билан бирга, Конституциямизда ёшлар масалалари, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолатлари ўз ечимини топган, бу қадриятларимиздан бири сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Конституциямизнинг 41‑моддасида ҳар кимнинг билим олиш ҳуқуқи кафолатланган. Шунингдек, 18-моддага мувофиқ, Ўзбе­кистонда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мав­қеидан қатъи назар, қонун олдида тенг экани белгиланган. Ёшлар касб-ҳунар танлашда, меҳнат қилишда, билим олишда, дам олишда, иш фаолиятини юритишда, ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётда конституциявий ҳуқуқ ва кафолатлардан тенг фойдаланади.

– Бош қомусимиз мамлакатни тадрижий, босқичма-босқич ривожлантиришнинг ўзига хос тизимини яратиш ҳамда уни ҳаётга изчил татбиқ этиш учун ҳам ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди, тўғрими?

– Албатта, Бош қомусимизнинг амал қилиши барқарор конституциявий тартиб ўрнатишга хизмат қилди. Давлат тузилиши соҳасида ҳуқуқий давлатчиликнинг муҳим белгиси – ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципи асосида давлат органлари тизими шакллантирилди. Ушбу конс­титуциявий тамойилни ҳаётга изчил татбиқ қилиш ҳокимиятлар ўртасида ўзаро муносабатлар механизмининг самарали амал қилиши ва манфаатлар мувозанатини таъминлади. Жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг роли кучайтирилди. Қонун чиқарувчи ҳокимият тубдан ислоҳ қилинди.. Мамлакатда икки палатали парламентнинг ташкил этилиши қонун ижодкорлиги сифатини жиддий равишда ошириш, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришишга хизмат қилди. Таркиб жиҳатидан асосан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакилларидан ташкил топган юқори палата – Сенат ҳудудлар манфаатларини ифода этмоқда, қуйи – Қонунчилик палатаси эса, ўз фаолиятини доимий профессионал асосда амалга ошираяпти.

Конс­титуцияга асосланган қонунларда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларнинг фақат кўппартиявийлик асосида ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилди. Сиёсий партияларнинг мамлакатимиз олий қонунчилик органи, жойлардаги ҳокимият вакиллик органлари фаолиятидаги роли ва таъсири сезиларли даражада ортди. Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг ҳайрати ва ҳавасини уйғотадиган натижалар ҳам Асосий қонунимиз принципи билан қадрланади.

– Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун тамойили ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Сиз депутат сифатида ушбу тамойилнинг амалдаги ифодасини қандай тасаввур қи­ласиз?

– Мазкур концепция асосида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга қаратилган конституциявий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Конституцияга давлат ҳокимияти субъектлари ўртасида ваколатларни тақсимлашнинг аниқ ва тизимли ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Конституциямизда муҳрлаб қўйилган давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига риоя қилинган ҳолда, парламентнинг амалий роли кучайтирилмоқда. Бу, энг аввало, қонун ижодкорлигида ўз ифодасини топмоқда. Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг сифати ва асосланиши тубдан яхшиланди. Уларда умумдавлат ва минтақавий манфаатлар ўртасидаги мутаносиблик ҳамда уйғунлик самарали таъминланмоқда.

Қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари пухта ва чуқур асосланган бўлиши учун сўнгги вақтларда уларни тайёрлашда халқаро ҳуқуқ, чет эл қонун ҳужжатлари нормалари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг қиёсий таҳлили ҳисобга олинмоқда. Парламент Қонунчилик палатаси қўмиталарида қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда эксперт­лар, олимлар, мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, сайловчилар вакиллари фаол иштирок этмоқда. Қонун ижодкорлиги фаолиятига бевосита сайловчиларни кенгроқ жалб этиш мақсадида қонун лойиҳалари корхона, ташкилот, муассасалар, маҳаллалар, ўқув юртларида ҳам маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида муҳокама қилинмоқда. Қонун лойиҳаларини тайёрлашда сиёсий партияларнинг роли ва таъсири сезиларли даражада ортди. Парламент фаолиятида ғоя ва дастурлар рақобати кучаймоқда, ҳар бир сиёсий партия ўз олдига қўйган мақсадларга ана шундай рақобат орқали эришишга интилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида турли сиё­сий фракциялар ўртасидаги рақобатнинг кучайиши жамиятнинг муайян сиёсий кучлари ва ижтимоий қатламлари манфаатларини ифода этадиган ғоялар, дастурий вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши кафолати бўлмоқда.

Дарҳақиқат, ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик конституция жамият тараққиётида устувор аҳамият касб этади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, босқичма-босқич амалга ошириладиган ислоҳотлар ва демократик тараққиёт йўлини танлади ҳамда собит қадамлар билан одимламоқда. Бу тўғри йўл эканини ўтган йиллар мобайнида қўлга киритилган залворли ютуқларимиз кўрсатиб турибди.

 

ЎзА мухбири Ғайрат Ширинов суҳбатлашди.