Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ШҲТнинг Тошкент шаҳрида жойлашган Террорчиликка қарши кураш бўйича минтақавий тузилмаси ижроия қўмитасида Ўзбекистон Республикасининг 2021-2022 йиллар ичидаги ташкилотга раислигида амалга ошириладиган ишларнинг устувор йўналишлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда ШҲТга аъзо давлатлар миллий координаторлари, ОАВ ходимлари ва экспертлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбе саммитида қилган маърузасининг асосий йўналишлари, шунингдек, мазкур дастурий маърузадан келиб чиқиб белгиланган устувор вазифалар ва мамлакатнинг Ташкилотдаги раислигида амалга ошириладиган тадбирлари рўйхати билан таништирилди.
Маълумки, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Душанбеда бўлиб ўтган саммитида ушбу нуфузли ташкилотга раислик қилиш 2021-2022 йиллар мобайнида Ўзбекистонга ўтиши ҳақида қарор қабул қилинган эди.
Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ШҲТга раислик қилишининг бир қанча устувор йўналишларини белгилаб берди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида амалга ошириладиган 80 дан ортиқ тадбирларни ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Давлат раҳбарлари Кенгашининг мажлиси, Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши, хавфсизлик Кенгаши котибларининг учрашувлари, Ихтисослашган вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг маслаҳатлашувлари, Иқтисодий форум, ҳудудлар раҳбарлари форумлари ва бошқа бир қанча тадбирлар шулар жумласидандир.
Учрашувда алоҳида таъкидландики, Ўзбекистон ШҲТ Хартияси тамойилларидан келиб чиққан ҳолда ташкилотга раислик қилади ва биринчи навбатда аъзо-давлатлар халқларининг ҳаёт кечириш сифатини ошириш, фаровонлигини юксалтириш ҳамда тараққиётнинг изчил динамикасини таъминлаш мақсадида тенглик, яқин қўшничилик, манфаатларни ўзаро ҳурмат қилишга асосланган “Шанхай руҳи” тамойилларини мустаҳкамлашга қаратади.
– Ўзбекистон бир йил давомида Евроосиё минтақасида энг таъсирчан бўлган халқаро ташкилотларнинг бири – Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилади, бу биз учун жуда катта масъулият, – деди Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ишлари бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов. – Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тобора ортиб бораётган обрўси ушбу аъзо-давлатлар билан сўнгги беш йил ичида кенгайиб бораётган ишончли ҳамкорлиги натижасидир. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг ташкилотда муваффақиятли раислик қилиши учун мустаҳкам замин бўлади.
Бугун илк бор Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигидаги биринчи тадбири бошланди. Энг аввало шуни таъкидлашим мумкинки, тадбирда иштирок этаётган барча делегация раҳбарлари, элчилар, миллий координаторлар Ўзбекистон раҳбариятини, халқимизни бўлиб ўтган катта сиёсий жараён – Президент сайлови натижалари билан қутлашди. Шунингдек, ташкилотга аъзо барча давлатлар Ўзбекистон раислигида Президент томонидан илгари сурилган устувор йўналишлар ҳамда вазифаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиришди.
ШҲТ миллий координаторларининг илк йиғилиши Қорақалпоғистон ҳудудида бўлиб ўтади. Бундан мақсад делегация аъзоларини охирги беш йилда Ўзбекистоннинг олис ҳудудларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва ўзгаришлар натижалари билан таништиришдир. Ўйлайманки, мана шундай ёндашув, дипломатика, сиёсий ва маданий нуқтаи-назардан Ўзбекистоннинг ташкилотга раҳбарлик қилишдаги муваффақиятини таъминлайди, – деди Р. Нуримбетов.
Саидмурод РАҲИМОВ,
ЎзА мухбири