Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 10 январига қадар “Davlatauditi.uz” ахборот порталида фуқаролар иштирокидаги аудит тизими доирасида назорат объектларини танлаш жараёни ўтказилмоқда.
Бугунги кунда давлат молиявий ресурсларини самарали бошқариш ва бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида молиявий назорат ва аудит тизими такомиллаштирилмоқда. Шу сабабли, вазирлик ва идоралар ички аудит тузилмалари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш учун фуқаролар иштирокидаги аудит тизими жорий этилди.
Мазкур тизим Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 июндаги “Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш ва давлат молиявий назорати органлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган.
Қарор фуқароларнинг аудит жараёнларида иштирокини таъминлаш, назорат тадбирларини шаффоф ва самарали ўтказишга қаратилган.
Фуқаролар 10 январга қадар “Давлат аудити” дастурида вазирлик ва идоралар томонидан киритилган ташкилотлар рўйхатидан назорат тадбири ўтказиш зарур, деб ҳисобланган объектларни танлаш имкониятига эга.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА