Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарма бошлиғи Саодат Ибрагимова истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, айни пайтда жамиятда марказий ҳамда ҳудудларда вилоят, шаҳар ва туман штаблари ташкил этилган бўлиб, соҳа 24 соатлик иш режимига ўтказилган ва уларнинг туну кун иш фаолияти назоратга олинган. Ҳудудларда 6 минг 470 нафардан ортиқ ходимдан иборат 1 400 та  бригада туну кун фаолият юритмоқда ва уларга 1 минг 334 та махсус авто ва техника бириктирилган.

Шунингдек, бугунги кунда 30 минг километрга яқин тармоқ ва 10 минг 200 та трансформатор мукаммал таъмирланган. 35-110 киловольт кучланишли электр узатиш тармоғининг қувватини ошириш мақсадида Хитойдан 69 дона куч трансформатор олиб келинди ва ўрнатилди. Бу каби ишлар самарасида ҳудудлардаги 200 та подстанциянинг мавжуд 272 та трансформаторида қувват оширилди ва 2 662 мегавольт-ампер қувват яратилишига эришилди.

–Фавқулодда авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш мақсадида электр ускуна ва материаллар захираси ҳам яратилди. Жойларда 1 минг 161 та трансформатор, 572 тонна трансформатор мойи, 10 минг 900 дона темир-бетон таянч устуни, 127 тонна сим, 860 километр кабель ва бошқа материаллар шай қилинган. Қўшимча равишда тақсимловчи тармоқларни модернизация қилиш дастурлари доирасида 6 880 километр электр тармоғи ва 2 730 та трансформатор янгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори ижроси бўйича 511 объектда 47 минг 690 та темир-бетон таянчи ва 2 минг 900 километр электр узатиш тармоғи ўрнатилди. Бу ишлар эса қиш мавсумида таъминотнинг барқарор ишлашида аҳамиятлидир, –деди С.Ибрагимова.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА