Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг бир гуруҳ ходимлари ҳамда Қораўзак туманида истиқомат қилувчи Г.Жақсимуратованинг Адлия бўлимига келиб тушган мурожаати ижобий ҳал этилди.
– Жумладан 66 нафар ходим меҳнат таътили учун ҳақ тўланганлигини, аммо иш берувчининг буйруғи мавжуд бўлишига қарамасдан таътил билан бирга бир ойлик иш ҳақи миқдоридаги моддий ёрдам, йил давомидаги байрамлар муносабати билан бериладиган рағбатлантириш пулларни ундириб беришда амалий ёрдам беришни сўраб йўллаган мурожаати ўрганилди, – дейди Тахиатош тумани адлия бўлими бошлиғи Фарангиз Наранова. – Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган маблағларни ундириш юзасидан даъво ариза киритилди. Суд муҳокамаси натижасида Тахиатош тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимларига жами 325 миллион 721 минг сўм моддий ёрдам ва рағбатлантириш пули ундириб бериш юзасидан даъво аризаси қаноатлантирилиб, тўлаб берилишига эришилди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармонида адлия органларига, уйма-уй юриб фуқароларнинг ҳуқуқий соҳадаги муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф етиш вазифаси юклатилган, – дейди Қораўзак тумани адлия бўлими бошлиғи Aсилбек Искендеров. – Ушбу вазифанинг ижроси доирасида фуқаро Г.Жақсимуратованинг пенсия ёшига етган бўлишига қарамасдан пенсияга чиқа олмаётганлигидан норозилиги тўғрисида мурожаати келиб тушди. Aниқланишича, жами 15 йиллик иш стажига эга бўлган унинг ишлаган даврларидан 10 йил 9 ойи иш ҳақи ва ижтимоий солиқ тўланганлиги тўғрисида маълумотлар топилмаганлиги сабабли ушбу йиллар иш стажига қўшиб ҳисобга олинмаган ва натижада пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган 7 йиллик энг кам иш стажига ҳам эга эмаслиги сабаб қилиниб, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қораўзак туман бўлими томонидан пенсияга чиқариш рад етилган.
Меҳнат Кодексининг 125-моддасига асосан, меҳнат дафтарчаси, меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Фуқаронинг меҳнат дафтарчасида 15 йиллик меҳнат стажи тўғрисида маълумотлар кўрсатилганлиги сабабли унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, Нукус туманлараро маъмурий судига шикоят аризаси киритилди. Судда Г.Жақсимуратованинг иш стажи тўлиқ тикланиб, фуқаро пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлди.
Адлия органлари томонидан уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқаролар кундалик ҳаётида аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тадбирлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири