Бугунги кунда Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институти юртимизда дунёқараши кенг, билимли ва зукко ёш кадрларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Институт талабаларга сифатли таълим бериш борасида бир қатор инновацион дастурларни амалга оширмоқда. Хусусан, институтда симулятор жараёнлари ташкил этилиб, талабалар турли ҳаётий вазиятлар бўйича кейсларни ечиш орқали ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда.
Шунингдек, соҳанинг етакчи мутахассислари институтга жалб қилинмоқда. IT, HR, бухгалтерия, молия, иқтисод ва декларантлик каби соҳаларда юқори малакали мутахассислар томонидан мастер-класслар ўтказилмоқда.
Таълим жараёнини янада самарали қилиш учун институтда ташкил этилган бизнес инкубатор талабалар ва битирувчиларга ўз бизнесларини ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишда қўллаб-қувватлашни мақсад қилган. Бу борада институт KOICA компанияси экспертлари билан ҳамкорликда фаол ишламоқда. Бу ҳам талабалар учун янги имкониятлар яратади.
Шу билан бирга, институтда талабалар учун бепул курслар ҳам ташкил этилган. Улар орасида нотиқлик, рус тили, Project management, HR, компьютер саводхонлиги, дуал таълим, бухгалтерия ва декларантлик каби ихтисослашган курслар мавжуд. Бу курслар талабалар учун нафақат билимларни мустаҳкамлаш, балки уларнинг профессионал кўникмаларини ривожлантириш имкониятини тақдим этади.
Институтнинг Карьера маркази томонидан амалга оширилаётган “Келажак Бунёдкорлари” лойиҳаси талабаларнинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлашга қаратилган. Лойиҳа мақсади ақлан ва жисмонан соғлом, юқори билим ва кўникмаларга эга кадрларни тайёрлашдир. Ушбу лойиҳа доирасида талабаларга нафақат назарий билимлар, балки амалий кўникмалар ҳам берилади, бу эса уларни бозор талабларига мос равишда тайёрлайди.
Умуман олганда, Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институти ўзининг илғор ташаббуслари орқали талабаларини нафақат юқори сифатли таълим билан таъминлайди, балки уларга муваффақиятли профессионал фаолият юритиш учун зарур бўлган барча кўникмаларни ҳам ўргатади.
Гулноза Бобоева,
Нишонбой Абдувоитов(видео),
ЎзА