ЙХҲТ Парламент Ассамблеяси, ЕХҲТ/ДИИҲБ ва Европа Парламенти томонидан сайловини кузатиш натижаларини тақдимотига бағишланган пресс-конференциядаги баёнотлари хулосасига кўра президентлик сайловлари бўлиб ўтганлиги тан олинди.
Жумладан, ЕХҲТ миссияси ва Европа Парламент таъкидлашича:
– 1267 та сайлов участкасида кузатув амалга оширилган. Овоз бериш жараёни тинч ва тартибли ўтиб, МСК кун давомида овоз берган сайловчиларнинг сони тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиб турган. Барча сайлов участкаларида сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар иштирок этган. Шунингдек, сайловни 966 нафар халқаро кузатувчи ва 1672 нафар журналист кузатган. Бу сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаган. Овоз бериш жараёни билан боғлиқ салбий ҳолатлар фақатгина 11 фоиз сайлов участкасида қайд этилган.
– президентлик сайловлари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда “Янги Ўзбекистон” шиори остида амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиясининг изчил амалга оширилиши шароитида ўтказилди.
– сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида сезиларли ютуқларга эришилгани, сайлов қонунчилигида қатор ислоҳотлар ЕХҲТ/ДИИҲБнинг тавсияларини доирасида амалга оширилганлиги эътироф этилди. Сайловолди ташвиқотини тўсиқларсиз ўтказиш кафолатлари кучайтирилгани, маъмурий ресурслардан фойдаланиш фактларини истисно қилиш чора-тадбирлари ижобий баҳоланиб, сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилгани қайд этилди.
– CОВИД-19 билан боғлиқ муаммоларга қарамай, МСК ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда профессионал, сифатли ва самарали ташкил этди. Илк маротаба МСКнинг барча йиғилишлари кенг жамоатчиликка очиқ ва реал вақт режимида эфирга узатилгани ва унинг қарорлари дарҳол комиссия сайтида эълон қилинди.
– имконияти чекланган сайловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди, сайлов кампанияси давомида миллий озчиликларга нисбатан камситиш ҳоллари ёки бирон бир салбий баёнотлар қайд этилмади
– 2019 йилда ташкил қилинган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати сезиларли даражада такомиллаштирилиб, кенг жамоатчиликка, шу жумладан Интернетда орқали фойдаланиш имкониятини яратди. Бу реал вақтда сайловчилар ҳақидаги маълумотларни янгилаш имконини берди.
Ўз навбатида, ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Оуен Мерфи сайловни кузатишга таклиф қилинганлиги ва амалий ёрдам учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, «ЕХҲТ кузатувчилар миссияси сайловларни бир ойдан кўпроқ вақт давомида кузатган, унинг фаолиятига маҳаллий ҳокимият ёки умуман ҳукумат томонидан бирон-бир тўсқинлик бўлмаган. Аксинча, давлат органлари ҳам, хусусий сектор ҳам, фуқаролик жамияти ҳам Миссияга ҳар томонлама ёрдам бериб, ЕХҲТ кузатувчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилган».
ЙХҲТ Парламент Ассамблеяси делегацияси раҳбари Даниэлла де Ридер сўзларига кўра, амалга оширилган ислоҳотлардан, имконияти чекланган фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлардан ҳайратга тушган. Унинг қўшимча қилишича, «танланган ислоҳотларни аҳоли томонидан қўллаб-қувватланганлинининг яққол исботи – бу сайловларда 80% дан ортиқ сайловчи қатнашганлигидир».
ЙХҲТ қисқа муддатли кузатувчилари махсус координатори Рейнхолд Лопатка матбуот анжуманида демократия узоқ жараён ва Ўзбекистон тўғри йўлдан кетаётганлигини таъкидлади. “Биз Ўзбекистонни бу йўлида қўллаб-қувватлаймиз” – деди Р.Лопатка.
Экспертларнинг фикрича, ЕХҲТ ПА, ЕХҲТ/ДИИҲБ ва Европарламентнинг 44 мамлакатдан 365 нафар кузатувчилардан иборат делегациясининг сайловларда илк бор иштирок этиши Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларни эътироф этилишидан ва қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда ислоҳотларни амалга оширшиш ва модернизация қилишда танланган стратегик курсни халқаро ҳамжамият Ўзбекистон томони билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.