Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Барчангизга яхши маълум, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсад ва вазифалар изчил амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда ҳаётнинг ўзи барча соҳалар каби ташқи сиёсат йўналишидаги фаолиятимизни ҳам танқидий қайта кўриб чиқишни, Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналаримиз, бутун дипломатик корпусимиз ишини янгича ташкил қилишни талаб этмоқда.
Сизларнинг кўпчилигингиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси билан видеоконференция орқали бевосита танишдингиз. Айрим элчиларнинг ҳисоботларини бутун мамлакатимиз эшитди.
Мурожаатномада Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятини кучайтириш ва самарасини ошириш ғоят муҳим вазифа қилиб қўйилганидан барчангиз хабардорсиз.
Давлатимиз ва халқимиз номидан хорижий мамлакатларда иш олиб бораётган вакилларимиз, яъни, сизлар билан юзма-юз учрашиб, ҳар бирингиз билан атрофлича гаплашиб олишни анчадан буён режалаштириб келаётган эдим.
Бундай учрашув биринчи марта ўтказилмоқда ва жуда муҳим аҳамиятга эга.
Йиғилишимиз йил бошида ташкил этилаётгани сизларнинг фаолиятингизга ҳар томонлама холис баҳо бериш ва келгусидаги режаларни белгилаб олиш имконини беради.
Давлатимизнинг ташқи сиёсати ҳақида сўз юритар эканмиз, 2017 йил бу борада кўп жиҳатдан муваффақиятли бўлганини мамнуният билан қайд этиш ўринлидир.
Биз хорижий шерикларимиз, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ натижаларга эришдик.
Кўп йиллардан буён ечилмай келаётган масалаларни биргаликда амалда ҳал қилишни бошладик. Бўлиб ўтган кўплаб олий даражадаги ташриф ва учрашувлар барча мураккаб масалаларни ҳал этиш учун очиқ ва амалий мулоқот, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва оқилона муроса йўлини излаш муҳимлигини кўрсатди.
2017 йилда биз қўшниларимиз билан сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, чегараларни белгилаш, ўтиш пунктларини очиш, транспорт қатновини қайта тиклаш ва кенгайтириш каби кўплаб нозик масалаларнинг ечимини топдик.
Қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш бўйича юқори кўрсаткичларга эришилди. Илк бор минтақалараро ва чегараолди ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди, барча даражаларда ўзаро алоқаларимиз фаоллашди.
Яқинда Қозоғистон билан мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилди. Кеча узоқ йиллардан буён биринчи маротаба Ўзбекистон Бош вазирининг Тожикистонга ташрифи бўлиб ўтди.
Россия ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бошқа мамлакатлари, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, шунингдек, Европа ва Осиё қитъаларидаги бир қатор давлатлар билан ҳамкорлигимизни сезиларли даражада мустаҳкамладик.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар ва молиявий институтлар билан шериклигимиз сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Тошкент шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ваколатхонаси қайта иш бошлади.
Биз Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестициялари банки билан ҳамкорликни янгича асосда йўлга қўйдик.
Ўтган йили хорижий шерикларимиз билан 200 дан ортиқ халқаро шартномалар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қиймати қарийб 60 миллиард долларлик келишув ва битимлар имзоланди.
Чет эл мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 40 дан ортиқ “йўл хариталари” тасдиқланди.
Кўриб турганингиздек, қисқа вақт ичида жуда кўп ишлар қилинди. Бунда Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги қатор элчихоналаримизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
2018 йилда олдимизда янада кўламли, ўта муҳим янги вазифалар турибди. Бу йил, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга йил бўлади.
Шу муносабат билан ўтган йили олий даражада эришилган барча келишувлар тўлиқ амалга оширилиши шарт эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Бундан ташқари, жорий йилда 20 дан ортиқ олий даражадаги ташрифлар ва учрашувларни, мамлакатимизда бир қатор йирик халқаро анжуманларни ўтказиш режалаштирилган. Бу ишларнинг барчаси ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнида сизлар ҳам фаол иштирок этишингиз зарур.
Бошқача қилиб айтганда, ҳар бирингиз фаолиятингизни танқидий қайта кўриб чиқиб, уни кучайтиришингиз шарт.
Орангизда кимдир ана шу ўта муҳим жараёнларни четдан томошабин бўлиб кузатиб туришига ва лоқайдликка берилишига биз йўл қўймаймиз.
Минг афсуски, бугунги кунда барча элчи ва дипломатларимиз бирдек самарали фаолият кўрсатмоқда, деб айтолмаймиз.
Қайд этиш керакки, ўз фаолиятини тубдан ўзгартириб, янгича руҳда ишлаётган элчиларимиз ҳам йўқ эмас. Улар аниқ амалий натижаларга эришмоқда.
Аммо фаолияти бизни қониқтирмайдиган, ўз лавозимида узоқ ўтириб қолган, “мудраб ётган” дипломатлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни уйқудан уйғотишнинг ўзи амримаҳол. Бу мени қаттиқ ташвишга солмоқда.
Фақат 2017 йилнинг ўзида ташаббуси ва натижадорлиги йўқлиги, сусткашлиги ҳамда йўл қўйган хатолари учун 10 нафар элчи, жумладан, Хитой, Япония, Туркия, Малайзия ва бошқа давлатлардаги элчилар вазифасидан озод этилди.
Бугунги мажлисимиз натижалари бўйича ҳам ўзгаришлар бўлади.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, элчи Президентнинг хориждаги расмий вакилидир. У давлатимизнинг ташқи сиёсатини самарали амалга ошириш учун тўлиқ масъул ва жавобгар.
Шунинг учун элчи барча ходимларидан кўпроқ ишлаши, ўзининг ақл-заковати, ташаббускорлиги ва талабчанлиги, билим ва салоҳияти билан бошқаларга намуна бўлиши лозим. У ҳар куни чуқур асосланган янги-янги таклифлар ишлаб чиқиб, тақдим этиши шарт.
Ўзи ишлаётган мамлакат ҳудудларига бевосита бориб, уларнинг бозор сиёсатини чуқур ўрганиши, бизнесменлар билан учрашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ташкил этиши даркор.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакили сифатида чет давлатларда ва элчихона ходимлари орасида обрў-эътибор ва ҳурматга сазовор бўлиши керак. Барча дипломатлар, ўзининг идоравий мансублигидан қатъи назар, элчининг хизмат топшириқларини сўзсиз бажаришга мажбур.
Элчининг халқ, Ватан олдидаги бурчи ва вазифаси, унинг касб малакаси, маънавий дунёси ҳақида гапирганда, аввало, бугунги ўзбек дипломати, элчиси қандай хусусият ва фазилатларга эга бўлиши керак, деган савол туғилади.
Бунинг учун аввало “элчи” деган сўзнинг маъносига эътибор қаратиш ўринли бўлади. Бу сўз элнинг, халқнинг вакили, мамлакатларни бир-бирига боғлайдиган инсон, деган маънони англатиши ўз-ўзидан кўриниб турибди.
Маълумки, бизнинг миллий давлатчилигимиз неча минг йиллик қадимий тарих ва бой маданиятга эга. Бинобарин, дипломатик муносабатлар ҳам тарихимизнинг энг чуқур қатламларига бориб тақалади.
Бу ҳақиқат нафақат мамлакатимиз, балки дунё олимлари томонидан кенг эътироф этилган.
Бизнинг аждодларимиз орасидан машҳур ва моҳир дипломатлар, элчилар етишиб чиққани ҳақида кўплаб тарихий маълумотлар мавжуд.
Дунёдаги дипломатияга оид энг зўр китоблар ҳам аслида Шарқда, жумладан, бизнинг заминимизда яратилган, десак, адашмаган бўламиз.
Шу ўринда бир мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман. Самарқанд шаҳридаги қадимий Афросиёб давлати жойлашган макондан топилган ноёб деворий расмларни ҳаммангиз яхши биласиз. Ана шу расмларда Самарқанд ҳукмдорининг Хитой, Корея, Ҳинд, Чағаниён каби давлатлардан келган элчиларни қабул қилиш маросими акс эттирилган.
Жанубий Кореяга давлат ташрифи билан борганимда муҳтарам Президент Мун Чжэ Ин жаноблари Сеулдаги музейда шу расмнинг нусхасини менга катта ифтихор билан кўрсатди.
Бундан неча минг йил аввал яратилган бу сурат қадим замонлардаёқ юртимиз заминида дипломатик анъаналар шаклланганидан, ота-боболаримиз узоқ-яқин мамлакатлар билан дўст ва ҳамкор бўлиб яшашга интилиб келганидан далолат беради.
Ёки Амир Темур бобомиз ва темурийлар салтанатини оладиган бўлсак, ушбу сулола ҳукмронлик қилган йилларда ўлкамизда дипломатик муносабатлар нақадар юксак даражага кўтарилганига гувоҳ бўламиз.
Соҳибқирон бобомизнинг Франция, Англия, Испания, Византия, Миср, Хитой, Ҳиндистон, Усмонийлар империяси каби кўплаб давлатларнинг ҳукмдорлари билан олиб борган дипломатик алоқалари ва ёзишмалари буни яққол тасдиқлайди.
Амир Темур саройига дунёнинг турли мамлакатларидан, жумладан, Европа давлатларидан ўнлаб элчилар келгани тарихдан яхши маълум.
Ўша давр манбаларида 1389-1398 йиллар оралиғида, яъни, салкам ўн йил ичида Амир Темур номидан Хитойга 9 марта элчилар боргани қайд этилади.
Айни вақтда Амир Темур ва темурийлар салтанати номидан Европа ва Осиё мамлакатларига вакил бўлиб борган, асли шаҳрисабзлик Муҳаммад Кеший, шунингдек, Мавлоно Ҳофиз, Ғиёсиддин Наққош, Абдураззоқ Самарқандий каби элчиларнинг номлари тарих саҳифаларида сақланиб қолган. Уларнинг ҳаёти ва фаолияти, афсуски, ҳозиргача чуқур ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.
Ташқи ишлар вазирлиги бунга эътибор қаратиб, ушбу масаланинг тарихий илдизлари, мустақиллик даврида ўзбек дипломатиясининг шаклланиш жараёнлари ҳақида алоҳида бир китоб тайёрлаб чиқарса, бу соҳа ходимлари, аввало, ёш дипломатлар учун муҳим қўлланма бўларди.
Бу вазирликка қанча одам раҳбарлик қилди. Лекин улардан биронтаси ҳам бунга аҳамият бермагани уларнинг фақат вақтинчалик кайфият билан ишлаганидан далолат беради.
Ваҳоланки, дипломатия, дипломатлик – оддий касб эмас, балки инсондан жуда кўп фазилатларни талаб этадиган ноёб санъатдир.
Ҳақиқий дипломат бўлиш учун фақат билим ва тажриба, чет тилларни билиш етарли эмас, бунинг учун аввало туғма талант керак. Энг муҳими, дипломат ҳақиқий ватанпарвар бўлиши, ўз халқи, ўз юртининг чинакам фидойиси бўлиши зарур.
Шу маънода XVII асрда яшаб ўтган улуғ ватандошимиз Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук” яъни, “Мамлакат дастури” деган китобида элчилик санъати ҳақида шундай фикрлар баён этилган:
“Элчи икки масалада ниҳоятда ҳушёр бўлиши зарур. У ўз давлатига садоқатини намоён этиш учун мамлакатнинг обрўси ва шаънини, шон-шуҳратини, салтанатнинг улуғворлигини ҳар жиҳатдан эҳтиёт қилиши лозим.
Шунинг билан бирга, у чет мамлакатлар билан бўладиган муносабатларда у ердаги дўстларнинг хайрихоҳлиги ва ғанимларнинг макр-ҳийласидан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб туриши даркор”.
Бу доно гапларга ҳеч қандай қўшимча қилишнинг зарурати йўқ, деб ўйлайман.
Лекин, ўзингиз айтинг, элчи деган одам ўзбек халқининг бой тарихини, маданиятини, миллий қадриятларини, ватандошларининг дарду ташвишларини яқиндан билмаса, уларни юрагидан ўтказмаса, қандай қилиб Ўзбекистонни дунёга танитиши мумкин? Дейлик, Алишер Навоийдан, Бобурдан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовдан икки қатор шеър айта олмаса, энг ёмони, она тилимизни мукаммал билмаса, қандай қилиб ҳақиқий элчи бўлиши мумкин?
Мен шу маънода Жанубий Кореядаги элчимиз Виталий Васильевич Фенга алоҳида раҳмат айтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан.
Бу одам шунча йилдан буён элчилик лавозимида самарали ишлаётгани, Жанубий Корея билан иқтисодий, инвестициявий алоқаларни жадал ривожлантираётгани албатта эътиборга лойиқ, лекин унинг халқимизга жуда катта ҳурмат билдириб, ўзбек тилида равон гапириши барча элчиларимизга ўрнак бўлиши керак.
Ўзингиз айтинг, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?
Шу нуқтаи назардан қараганда, биз бу борада ҳали жуда кўп иш қилишимиз лозим. Биринчи навбатда миллий дипломатиямизни буюк аждодларимизнинг бизга қолдирган бой меросига асосланган ҳолда, дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибаси, дипломатия фани ва санъатининг энг илғор ютуқлари билан бойитишимиз зарур.
Айни пайтда бугун замон олдимизга қандай кескин талаблар қўяётганини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Жаҳон миқёсида рақобат, қарама-қаршилик, турли манфаатлар тўқнашуви, геополитик зиддиятлар тобора кучайиб бормоқда.
Бундай ғоят мураккаб ва таҳликали шароитда биз кучли ташқи сиёсат олиб бормасдан туриб, кўзлаган мақсадларимизга эришолмаймиз.
Кучли, самарали ташқи сиёсат олиб бориш учун эса аввало кучли дипломатлар корпусига эга бўлишимиз керак.
Биз хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда муҳим бир масалага эътибор қаратишимиз керак. Минг афсуски, ушбу масалага биз кўпинча иккинчи даражали иш, деб қарашга ўрганиб қолганмиз.
Мисол учун, агар Италиядаги элчимиз шу мамлакат ишбилармонларининг вакилларини йиғиб, буюк итальян шоири ва мутафаккири Алигьери Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини бизнинг улуғ шоиримиз Абдулла Орипов таржима қилганини айтиб, ўзбекча дантехонлик уюштирса, биласизларми, нима бўлади? Уларда Ўзбекистонга ҳурмат, қизиқиш, ҳамкорлик қилишга интилиш пайдо бўладими-йўқми? Мен, ўйлайманки, албатта пайдо бўлади.
Мен Абдулла аканинг бир китобида шундай гапларни ўқиганман. У киши Италияга борганида “Ўзбекистондан Дантенинг таржимони келибди”, деб турли партияларнинг вакиллари бир жойга тўпланиб, шоиримиз билан суҳбатлашган экан.
Ўшанда бир сиёсатчи Абдулла акага:
“Ҳурматли меҳмон, биз аслида бир-биримизга ашаддий рақибмиз. Партияларимиз, мафкураларимиз ҳар хил. Бир-биримиз билан доим кескин рақобатдамиз. Лекин мана бугун буюк Дантенинг ҳурмати, Сизнинг шарофатингиз билан бир дастурхон атрофида аҳил-иноқ тўпланиб турибмиз. Сизга катта раҳмат”, деган экан.
Мана, одамнинг юрагига қандай йўл топиш мумкин! Инсон қалбини, халқ қалбини аввало унинг маданияти, адабиёти ва санъатига, миллий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш орқали забт этиш мумкин.
Муҳтарам дўстлар!
Мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинган 2018 йилда биз ўз олдимизга ниҳоятда катта мақсадларни қўйдик. Бу, ўз навбатида, сизлардан барча йўналишлар бўйича иш самарадорлигини тубдан оширишни талаб этмоқда. Шундан келиб чиқиб, бизнинг дипломатик муассасаларимиз фаолияти аввало қуйидаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилиши лозимлигини алоҳида таъкидламоқчиман.
Биринчидан, экспорт, экспорт ва яна бир бор экспорт!
Гап Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хорижий давлатлар бозорларига экспорт қилишга ҳар жиҳатдан амалий кўмаклашиш ҳақида бормоқда. Бугунги кунда дунёдаги кўплаб давлатлар, хусусан, ривожланган мамлакатларнинг ташқи сиёсат фаолиятида айнан шу масалага энг устувор аҳамият берилишини сизлар яхши биласизлар.
Иккинчидан, мамлакатимиз саноати ва инфратузилмаларини модернизация қилиш ва ривожлантириш учун хорижий инвестициялар, илғор замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш зарур.
Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан фаол инвестиция сиёсатига боғлиқ. Шу асосда давлатимизнинг рақобатбардошлиги ва, энг асосийси, аҳоли фаровонлиги тубдан ошиши, янги корхона ва тармоқлар, янги иш ўринлари яратилишини, ўйлайманки, тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Учинчидан, Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимини кенгайтириш бўйича элчихоналаримиз ҳам фаол ва тизимли иш олиб бориши лозим. Мен бу ҳақда илгари ҳам бир неча бор айтганман.
Бу борада Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов) зарур туристик инфратузилмани яратиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хорижий туристларни мамлакатимизга жалб этиш юзасидан элчиларимизнинг Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов ва Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов билан биргаликда тизимли равишда қаттиқ ишлаши талаб қилинади.
Яна бир муҳим масала. Сизлар Ўзбекистон очиқ, амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини хорижий мамлакатларнинг кенг жамоатчилигига етказиш бўйича мунтазам иш олиб боришингиз зарур.
Ана шу муҳим вазифаларнинг барчаси сизларнинг кундалик фаолиятингизнинг устувор йўналишлари бўлиши даркор.
Биз мамлакатимизга чет эл инвестицияларини жалб қилишда элчиларимиз, дипломатларимизнинг иштирокини кучайтириш ҳақида сўз юритдик.
Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, бу масала Амир Темур замонида ҳам кун тартибига долзарб вазифа сифатида қўйилганини кўришимиз мумкин. Масалан, Соҳибқирон бобомизнинг 1402 йилда Франция қироли Карл VI га йўллаган мактубида, жумладан, шундай дейилади:
“Сиз, аъло ҳазратлари, ўз савдогарларингизни бизнинг мамлакатимизга юборсангиз. Биз ўз томонимиздан уларнинг иззат-ҳурматини сақлаш, уларга ҳеч ким зўрлик кўрсатиб, зиён-заҳмат етказмаслигини таъминлаймиз. Чунки дунё савдо аҳли билан обод ва фаровондир”.
Қаранг, бу ҳикматли сўзлар бугунги халқаро муносабатларда ҳам ўзининг аҳамияти ва қимматини йўқотмаган. Улар худди шу бугун айтилгандек жарангламоқда.
Бугунги мажлисга тайёргарлик кўриш жараёнида мен вақтимни аямасдан, ҳар бир элчихона юборган ҳисоботларни диққат билан ўрганиб чиқдим.
Бу ҳисоботлар жуда чиройли, силлиқ қилиб ёзилган. Аммо амалда вазият бутунлай бошқача.
Мана, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар ва Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмиталарининг 2017 йил якунлари бўйича маълумотлари қўлимда турибди. Уларда сизлар фаолият кўрсатаётган мамлакатларга оид амалдаги экспорт ва хорижий инвестициялар ҳажми, юртимизга келаётган сайёҳлар сони аниқ акс эттирилган.
Бу маълумотлар сизларнинг ҳисоботингиздаги рақамлардан бутунлай фарқ қилади. Ҳақиқий вазият фаолиятингиз бўйича реал натижаларни яққол кўрсатиб турибди.
Кўпчилик элчи ва дипломатлар бугун амалий иш ўрнига интернетдан олинган, долзарб бўлмаган маълумотлар, “таҳлиллар” ва ҳисоботлар тайёрлаш билан шуғулланиб ўтирибди.
Бундай номақбул иш услубининг турлича сабаб ва омиллари бор, албатта.
Айрим элчилар енгил-елпи иш юритишга, халқимиз таъбири билан айтганда, оғирнинг – устидан, енгилнинг – остидан юришга ўрганиб қолган. Улар даврнинг қатъий талабларини ҳисобга олишни, ўзини, иш услубини ўзгартиришни истамаяпти. Биз бундай элчилар билан хайрлашамиз.
Ташқи ишлар вазирлиги тизимида бюрократия ва ортиқча қоғозбозлик билан боғлиқ ҳолатлар борлигини ҳам яхши биламан. Бугунги кунда ҳаётнинг ўзи ушбу тизимни чуқур қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштиришни талаб этмоқда. Бу биринчи навбатда хориждаги элчихоналаримиз томонидан ҳисобот тақдим этиш, уларни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш масалаларига тааллуқлидир.
Вазирлик ва унга қарашли муассасаларда ташкилий-штат тузилмасини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарур.
Сизларга маълумки, биз Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари фаолиятини танқидий ўрганиш ва тубдан такомиллаштириш бўйича махсус комиссия ташкил этдик. Ушбу комиссия ишига Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов раҳбарлик қилмоқда.
Комиссия Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ҳар бир ходимнинг ишига холис баҳо бериши, мавжуд камчиликларни таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар киритиши лозим.
Бугун сизлар билан бирга вазирлик ва унинг дипломатик муассасаларининг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилаётган сабаб ва омилларни муҳокама қилиб олишимиз керак.
Шу борада эътиборингизни қуйидаги масалаларга қаратмоқчиман.
Биринчидан, биз элчихоналар фаолиятини мутлақо янгича асосда ташкил этамиз. Бу нафақат элчихоналарнинг ташкилий тузилмаси, балки сизларнинг кундалик амалий фаолиятингизга ҳам дахлдордир.
Биз ҳар бир элчихонага мамлакатимизнинг муайян ҳудудлари ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда йирик корхоналарни бириктириб қўйишга қарор қилдик.
Бу ўз навбатида экспорт ва туризмни ривожлантириш, инвестиция, бизнес кооперацияни кучайтириш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал қилиш имконини беради.
Шунингдек, вилоят ҳокимлари бир йилда камида икки марта тегишли мамлакатларга хизмат сафарига юборилади. Улар шаҳарсозлик ва ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, замонавий ахборот, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиб, ўз ҳудудларида кенг жорий қилиши лозим.
Бу ишларнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир А.Ариповга топширилади.
Иккинчидан, элчихоналар ва дипломатларнинг фаолияти, уларнинг реал иш ҳажми ва амалий натижаларини синчиклаб ўрганиб, шу асосда ҳар томонлама пухта ўйланган таклифлар тайёрлаш керак.
Бизнинг асосий иқтисодий ҳамкорларимиз бўлган Марказий Осиё мамлакатлари, Россия, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Туркия ва Европанинг етакчи давлатларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ушбу мамлакатлардаги элчихоналаримизнинг ҳар бирида савдо ва инвестиция бўйича дипломат ходимлар штатини жорий қилиш ва кенгайтириш лозим.
Хорижий мамлакатлардаги элчилар ва дипломатик ваколатхоналаримиз фаолиятини, аввало, уларнинг амалий иш натижалари ва келгусига мўлжалланган аниқ режаларини чуқур ва атрофлича ўрганиш мақсадида Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг сектор мудири Э.Ғаниев ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов раҳбарлигида комиссия ташкил этишга қарор қилинди.
Мен ушбу комиссиядан аниқ таклиф ва натижалар кутаман.
Учинчидан, қўйилган вазифаларни самарали бажариш ва элчихоналар фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппарати тузилмасини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш зарур.
Шу ўринда қиёслаш учун бир мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Мен Бош вазир лавозимида ишлаган пайтимда бутун Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларининг сони 180 кишидан иборат эди. Ана шу 180 киши мамлакатимиз иқтисодиётининг оғир аравасини, ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан, ўз елкасида тортар эди. Хусусан, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, коммунал соҳа, қурилиш, ҳудудларни ривожлантириш, экспорт ва инвестициялардан бошлаб таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида кенг қамровли ишлар олиб борилар эди.
Энди қуйидаги рақамларга эътибор беринг: ҳозирги кунда Ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппаратида 334 ходим, унинг қуйи муассасаларида 900 дан ортиқ, элчихоналаримизда эса 300 киши ишламоқда. Жами бир ярим минг кишидан ортиқ.
Лекин мана шундай йирик вазирликнинг иш фаолияти бугунги куннинг кескин ва ўткир талабларига жавоб беряптими, деган табиий савол туғилади.
Афсуски, бу саволга ижобий жавоб бериш қийин.
Шу муносабат билан Давлат маслаҳатчиси О.Муродов раҳбарлигидаги комиссия Ташқи ишлар вазирлигининг таркибий тузилмасини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича аниқ таклифлар киритиши зарур.
Жумладан, вазирлик таркибида қуйидаги масалалар бўйича ихтисослашган алоҳида тузилма ва бошқармалар ташкил этилиши лозим:
– ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб қилиш;
– савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини масъул котибият сифатида мувофиқлаштириш;
– туризмни ҳар томонлама ривожлантириш;
– хориждаги фуқароларимиз ва ватандошларимиз билан тизимли ишлаш.
Шу билан бирга, дипломатик хизматни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг самарали ва адолатли тизимини шакллантириш лозим. Бугунги кунда Ташқи ишлар вазирлиги 20 йил аввал қабул қилинган ҳужжатлар асосида фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, вазирликда кадрларни ротация қилишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш зарур. Баъзи элчи ва дипломатларимиз хорижда 8-10 йил давомида ўз вазифасида ишлаб келмоқда. Оқибатда улар мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнлардан узоқлашиб қолмоқда.
Шу ўринда мен ўзининг ваколат муддатини тугатиб, юртимизга қайтган тажрибали элчи ва катта дипломатларимизни вазирлик, идора ва вилоят ҳокимликларидаги масъул раҳбарлик лавозимларига тайинлаш тартибини жорий қилиш лозим, деб ҳисоблайман.
Менинг фикримча, чет мамлакатда элчи бўлиб муваффақиятли ишлаган одам хизмат миссияси тугагандан кейин давлат тизимидан узоқлашиб кетмаслиги керак.
Афсуски, бизда ўз миссиясини бажариб қайтган юқори малакали дипломат ходимларга муносиб иш бериш, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш масаласи эътибордан четда қолган, десак, буям адолатдан бўлади. Биз бундан буён бундай нотўғри ишларга йўл қўймаймиз.
Шу тариқа элчи ва дипломатларимизнинг хорижда орттирган бой тажриба ва билимларидан тармоқ ва ҳудудларимизнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, экспорт ҳажмини ошириш ва инвестицияларни жалб этишда фойдаланиш имконияти пайдо бўлади.
Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналарнинг тегишли вазирлик ва идоралар, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари билан самарали ишлаши бўйича аниқ ва яхлит тизимни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Бу борада мамлакатимизнинг ягона ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолиятини амалга ошириш ва мувофиқлаштириш вазифаси Ташқи ишлар вазирлигига юклатилади.
Тўртинчидан, бугунги кунда Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналаримиз фаолиятида тизимли ва аниқ мақсадга қаратилган информацион-тарғибот ишларини кучайтириш лозим.
Афсуски, хорижий шерикларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотлардан, ички ва ташқи сиёсатимизнинг устувор жиҳатлари, бизнес ва инвестиция учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида етарлича маълумотга эга эмас.
Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлиги ўз зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажара олмаяпти. Шу муносабат билан “Жаҳон” ахборот агентлиги негизида ёш, салоҳиятли мутахассисларни жалб қилган ҳолда, молиялаштириш манбалари аниқ бўлган ва энг илғор техника билан жиҳозланган замонавий медиа-марказ ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман.
Бош вазир ўринбосари С.Холмуродов бу масалага масъул этиб белгиланади.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлигида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича алоҳида тузилма ташкил этиш лозим. Ушбу тузилма раҳбари Ташқи ишлар вазирлигининг тўлақонли расмий вакили, давлатимиз ташқи сиёсатининг “жарчиси” бўлиши керак.
Бешинчидан, Ташқи ишлар вазирлигининг кадрлар сиёсатига ҳам алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Ҳозирги кунда 10 та элчи лавозими, жумладан, Австрия, Польша, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур давлатларидаги элчи лавозимлари кўп йиллардан буён вакант бўлиб турибди.
Тегишли қарор қабул қилинган бўлса-да, Ўмон ва Беларусь мамлакатларида элчихоналаримиз фаолияти ҳали ташкил этилмаган.
Вазирликнинг марказий аппарати фаолиятида ҳам жиддий муаммолар мавжуд. Аввало, ўрта бўғин раҳбарлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажара олмаяпти. Кейинги йилларда вазирликда бошқарма бошлиғи лавозимининг нуфузи тушиб кетган. Аксарият бошқарма бошлиқларининг ўзлари ҳам ишламаяпти, ёшларни ҳам тарбияламаяпти. Улар фақат навбатдаги хориж сафарларини кутиб ўтирибди.
Ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппарати, шунингдек, хориждаги муассасалар учун истиқболли кадрлар захирасини қайтадан кўриб чиқиш керак.
Шу пайтгача вазирликнинг марказий аппарати ва дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезонлари ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш керак.
Айни вақтда дипломат кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Афсуски, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (А.Жуманов) чинакам истиқболли, ўз касбига садоқатли ва профессионал ёш кадрлар тайёрлаш бўйича вазифаларни тўлақонли бажараётгани йўқ. Университет битирувчиларининг давлат идораларига ишга жойлашиши ўта паст даражада қолмоқда.
Мисол учун, 2017 йилда университетни битирган 235 ёшларнинг атиги 14 нафари Ташқи ишлар вазирлигига ишга қабул қилинган. Улар орасида халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини битирган биронта ҳам йигит-қиз йўқ.
Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ҳам ушбу университетни ўтган йил тамомлаган биронта ёш мутахассис ишга олинмаган.
Шу муносабат билан Комиссия (О.Муродов) Бош вазир А.Арипов, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари Р.Қосимов, У.Исмоилов билан биргаликда бир ой муддатда:
– Ташқи ишлар вазирлигида кадрлар билан ишлашни самарали ташкил этиш, аввало, иқтидорли ёш мутахассисларни жалб қилиш бўйича аниқ таклифлар;
– Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тайёрлаши лозим.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Бугун биз Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар фаолияти билан боғлиқ комплекс масалаларни очиқчасига муҳокама қилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича атрофлича фикрлашиб олдик.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз манфаатларини ҳимоя қилаётган, ташқи сиёсатимизни амалга оширишда муҳим ўрин эгаллайдиган, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги юзи бўлган сиз, ҳурматли дипломатларнинг масъулиятли меҳнатингизни юксак қадрлашимизни қайд этмоқчиман.
Яна бир бор таъкидлайман, дипломатлар – бу жамиятнинг энг етук вакилларидир. Ўзбекистон манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қилиш ва уни илгари суриш борасида сизларнинг алоҳида ўрнингиз ва таъсирингиз бор.
Лекин, тан олиб айтишимиз керак, биз Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг тизимидаги ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур.
Шу муносабат билан Бош вазир А.Арипов, Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов ва ташқи ишлар вазири А.Комилов икки ой муддатда Ташқи ишлар вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича Президент қарори лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритсин.
Бунда, жумладан, Тошкент шаҳрида вазирлик тизимидаги ходимлар, чет элларда ишлаб келган дипломатларимиз учун имтиёзли ипотека кредитлари асосида кўп қаватли уйлар қуриш масаласи ҳам кўзда тутилсин.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Барчамизга аёнки, ташқи ва ички сиёсат соҳаларида олдимизда турган муҳим ва улкан вазифаларни ҳеч ким четдан келиб ҳал қилиб бермайди. Фақат ўзимизнинг куч ва имкониятларимизга ишонишимиз, ўз салоҳиятимизга таянишимиз зарур.
Агар биз ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, виждонан меҳнат қилсак, кўзлаган юксак марраларимизга – Ўзбекистонни изчил ривожлантириш, халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини тубдан оширишга албатта эришамиз.
Ишончим комилки, сизлар бу юксак вазифаларни шараф билан адо этасиз.
Ана шу эзгу мақсад йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, янги муваффақиятлар, бахт ва омад тилайман.