Сўнгги йилларда одамларнинг дарду ташвишларини, муаммоларини ўрганиш, уларни ўйлантираётган масалаларга ижобий ечим топиш, мурожаатлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Лекин бугун даврнинг ўзи замон билан ҳамқадам бўлиш, керак бўлса, ундан бир қадам илгари одимлашни тақозо этмоқда. Бугун ҳаёт шиддат билан ўзгармоқда, одамларнинг талаблари, истаклари ўзгармоқда. Шу маънода барча соҳаларда бўлгани каби мазкур муҳим йўналишда ҳам ўтган қисқа даврда орттирилган ижобий тажрибаларни янада такомиллаштириш, уни мазмун жиҳатдан ривожлантириш ғоят муҳим.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинганда, бир қатор камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди. Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқишга бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди. Унда қуйи палата депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Хўш, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга қандай зарурат туғилди?

Депутатларнинг айтишича, амалдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган. Унда жамоавий мурожаатга таъриф берилмаган. Мазкур қонун лойиҳасида эса жамоавий мурожаат бир ёки бир нечта масала бўйича учдан кам бўлмаган шахснинг мурожаати деб очиб берилмоқда. 9-моддада жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби белгиланган бўлиб, давлат органлари ташкилот раҳбарлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш киритилган.

– Бугун “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова. – Айниқса, жойларда барча даражадаги раҳбарлар билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларини ҳал қилиш мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди. Аммо ҳозирги давр мурожаатлар борасида янгича тизимда ишлашни тақозо этаётгани сабабли бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий тажрибалар, хусусан, фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Беларусь, Қирғизистон, Озарбайжон Республикаларининг қонун нормалари ўрганиб чиқилган. Қонун лойиҳасига кўра, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3, 9, 13, 21, 231, 241–моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли кўп ташкилотлар масофадан ишлаш тизимига ўтган эди. Шу боис қонун лойиҳасига фуқароларни видеоконференцалоқа орқали қабул қилиш тартиби ҳам киритилмоқда. Бу, ўз навбатида, икки томонлама мулоқотни йўлга қўйишга имконият беради.

Йиғилишда қонун лойиҳаси ишчи гуруҳ томонидан қизғин муҳокама этилиб, депутатлар томонидан келиб тушган таклифлар асосида янада такомиллаштириладиган бўлди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА