Ўзбекистон Президенти номидан Афғонистон халқига 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника топширилди

10 январь куни Ҳайратон шаҳрида (Афғонистон Ислом Республикаси) Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника Афғонистон халқига ҳадя қилинишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон расмий делегацияси аъзолари, Афғонистон Президенти маъмурияти ва ҳукумати, ушбу мамлакат жамоатчилиги ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили И.Эргашев, Афғонистон транспорт вазири М.Тахмосий, таълим вазири ўринбосари А.Маҳжур, Балх провинцияси губернатори ўринбосари М.Тавҳидий ва бошқалар Ўзбекистон раҳбарияти халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ришталарига асосланган яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, барча жабҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлади.

YRK_2139.JPG

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда қўшни мамлакатда тез фурсатда тинчлик, барқарорлик ўрнатилиши, унинг иқтисодий ва транспорт инфратузилмаси тикланишига кўмаклашиш тарафдори экани қайд этилди.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон – Афғонистон ҳамкорлигида изчил ўсишга эришилди. 2017 йилнинг 4-6 декабрь кунлари Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ушбу ташриф икки давлат муносабатларида янги саҳифа очди. Ташриф якунига кўра, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларга оид 20 ҳужжат имзоланди. Имзоланган ҳужжатларнинг аксарияти нафақат Афғонистон ва Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун стратегик аҳамият касб этади. Жумладан, Ўзбекистон мутахассислари томонидан «Мозори Шариф – Ҳирот» темир йўли ва «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш линияси қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши Афғонистон иқтисодиёти ривожланишига хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг Афғонистонга дўстона муносабати, давлатимиз раҳбариятининг келгусида ҳам афғон халқига кўмаклашишга тайёр экани рамзи сифатида Сурхондарё вилоятида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Афғонистон фуқаролари учун махсус Намунавий таълим маркази ташкил этилгани таъкидланди. Марказга 20 январь куни 100 га яқин талаба келиши кутилмоқда.

Афғонистон расмий шахслари ва жамоатчилик вакиллари совға қилинган автобус, трактор ва махсус техникалар учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди. Ўзбекистоннинг Афғонистон иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси афғон халқи турмуши яхшиланиши ва унинг тинч тараққиёт йўлига қайтишига хизмат қилади. Жумладан, Ўзбекистон томонидан тақдим этилган автобуслар афғон болаларининг мактабга боришини осонлаштиради. Ўзбекистон делегацияси иштирокида учта автобус Ҳайратон шаҳри маъмуриятига топширилди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон – Афғонистон ҳамкорлигини барча соҳаларда ривожлантириш ва кенгайтириш тенденцияси кузатилаётганини мамнуният билан қайд этдилар. Икки томонлама муносабатлардаги бундай ижобий ўсишга, аввало, Афғонистонга дўстлик қўлини чўзган ва ушбу давлатнинг иқтисодий инфратузилмаси тикланишида амалий ёрдам кўрсатаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси туфайли эришилгани таъкидланди.

YRK_2154.JPG

Афғонистон Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий муносабатларни янада фаоллаштириш, инфратузилмага оид турли йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва минтақадаги интеграцион жараёнларда иштирок этишда ёрдам бериш орқали Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак қадрлайди. Афғонистон аҳолиси ва жамоатчилиги етказиб берилаётган электр энергияси ҳажмини ошириш, Кобул ва шимолий вилоятларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлашга мўлжалланган янги «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасини амалга оширишга тайёрлиги учун Ўзбекистонга алоҳида миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистоннинг Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси ҳақини камайтиргани тўғрисидаги хабар тадбир иштирокчилари томонидан мамнуният билан қарши олинди.

Афғонистон халқига техника ҳадя қилиш тантанали тадбири дўстона муҳитда ўтди.

 

ЎзА