Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналари фаолиятини бошқаришни янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, агросаноат комплекси учун замонавий, унумдорлиги юқори, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош техника ва ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимизга қишлоқ хўжалиги машинасозлик соҳасида ресурс тежамкор, замонавий, унумдорлиги юқори қишлоқ хўжалиги техникаси ва механизация воситаларини ишлаб чиқариш юзасидан қилинадиган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Жумладан, “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамиятида 2018-2019 йилга мўлжалланган, қиймати 32,7 миллион долларлик 3 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизгача етказиш кўзда тутилган.
Лойиҳадан кўзланган мақсад мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган машина-трактор парклари, фермер ва деҳқон ҳўжаликларини қишлоқ хўжалиги техникаларининг янги турлари – замонавий ғалла ва ем-хашак ўриш комбайнлари, чигит ва ғалла экиш сеялкалари, ерга ишлов бериш, картошка экиш ва йиғиб олиш техникалари билан таъминлашдир.
Давлатимиз раҳбари лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари намуналари билан танишди. Жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бугунги кунда, ишлаб чиқараётган ҳар қандай маҳсулот нафақат ички бозорни таъминлаши, балки халқаро кўламда рақобатбардош ва экспортбоп бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Шу ерда “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”, “Технолог”, “Агрегат”, “ЎзКейсмаш”, “Лемкен”, “ЎзКлаасагро” корхоналарида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.