Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.

Таъкидлаш лозимки, эл орасида ва давлат идораларида  тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрў ва мавқеи,  кун сайин тобора ортиб бормоқда.

Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган, ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи  шакллана бошлади.

Давлатимиз раҳбари бир гуруҳ тадбиркорларни номма-ном санаб, хизматларини алоҳида эътироф этди:

–Масалан, биргина Наманган вилоятида  “Чуст текстиль” (ака-ука Исматуллаевлар),  “Арт софт холдинг” (ака-ука Бобохоновлар),  Тошкент шаҳридаги “Техно Экспорт” (Шерзод Қосимов), Тошкент вилоятида “Нью Вей Индастриз” (Сардор Аббосхонов), Самарқандда “Охалик Олтин боғи” (Олим Солиев) каби корхоналар ўз фаолиятини “ноль”дан бошлаб,  ҳозирги кунда,  10-15 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилмоқдалар.

Айни пайтда уларнинг ҳар бири, минглаб иш ўринларини яратиб, нуфузли йирик компанияларга айланди.

Булар каби  юқори самарали корхоналар ҳар бир ҳудудда  кўплаб топилади.

Андижонда “Динар текстиль” (Хадиятилло Тиллабоев),   Қашқадарёда “Бунёдкор” (Ғолиб Эрқулов),  Сирдарёда “Мега Люкс” (Муҳиддин Норматов),  Фарғонада “Фарғона Глобал текстиль” (Мўминжон Разақов),  Хоразмда “Хоразмтекс” (Алишер Собиров),  Жиззахда “Сангз́ор текстиль” (Отабек Хўжаметов),  Бухорода “Парвоз Хумо Равнақ транс” (Шермуҳаммад Очилов),   Сурхондарёда “Инденим кластер” (Шерзод Шоймардонов), Навоийда “Бахт текстиль” (Баҳриддин Мўминов) каби корхоналар, қисқа муддатда ишлаб чиқариш, экспорт ва иш ўринларини 10-15 баробар оширишга эришдилар.

Камол Абдуллаев, Қутлимурат Панаев, Муртазо Раҳматов,   Улуғбек Сотиболдиев, Улуғбек Тўхтабоев, Мурод Ёқубов, Зафар Ҳошимов, Шавкат Жамолов, Мурод Назаров, ака-ука Мамасаидовлар, Фаррух Фузаилов, Бахтиёр Азизхўжаев,  Фарход Мамажанов, Бекзод Маматқулов, Бахтиёр Умаров каби нуфузли тадбиркорларимиз,  ўз бизнесларини бутун мамлакат миқёсида кенгайтирмоқдалар, –деди Президентимиз.

Мулоқот давом этмоқда.

 

ЎзА