Президент Шавкат Мирзиёев 13 август куни «Янги Ўзбекистон» боғида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Боғда манзарали дарахтлар ва гуллар экилиб, сўлим ҳудудлар барпо этилмоқда. Байрам тадбирлари ўтказиш учун 5 минг ўринли очиқ амфитеатр қурилмоқда.

Давлатимиз раҳбарига ушбу амфитеатрда бўлажак қулайликлар ҳақида маълумот берилди.

«Истиқлол» мажмуасининг асоси тикланиб, қуриш ва пардозлаш ишлари давом эттирилмоқда. Унда Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик тарихи, аждодларимизнинг буюк мероси, халқимизнинг миллий қадриятлари ўз ифодасини топади.

Президентимиз ушбу мажмуадан ўрин оладиган барельеф ва безак намуналари билан танишди. Мутасадди ва қурувчиларга ўз тавсияларини берди.