Инсон ҳар доим эътиборга, ғамхўрликка эҳтиёж сезади. Самимий муносабатни, яхшилик, меҳр-оқибатни ҳис қилади.
Ислоҳотлар, ўзгаришлар ва янгиликлар ижобатини аввало, ўз ҳаётида кўришни истайди. Ҳозирги ва ўтган замонни таққослайди. Муҳокама қилади. Балки, Инсоннинг бошқа мавжудотлардан фарқи ҳам шундадир.
Ахборот технологияларининг ривожланиши, ижтимоий тармоқлар тараққиёти Инсоннинг онгини забт этди. Ўзбекистон дунё ҳамжамияти назарида ёпиқ мамлакат эди. Ахборот ва сўз эркинлиги йўқ давлат сифатида қараларди. 2016 йилдан ахборотлар тўсиқсиз тарқатила бошланди.
Ўзбекистонда чорак аср вақт давомида “халқимиз учун уй-жойлар қурилди”, “халқимиз учун иш ўринлари яратилди”, “халқимизга имтиёзли кредитлар берилди”, “халқимиз турмуш даражаси яхшиланди”. каби мавҳум тушунчалар ҳукмронлик қилди.
“Халқ учун уй-жой” қурилгани айтилса-да, уй олишга эҳтиёжманд оилалар сони кундан-кунга кўпайиб борди. “Халқ учун берилган имтиёзли кредитлар”ни олиш учун одамлар банклар эшигида йиллаб сарсон бўларди. “Турмуш даражаси яхшиланган халқ” ойлаб электр энергиясисиз ёки табиий газсиз яшашга маҳкум эди. Аччиқ бўлса ҳам айтишимиз, тан олишимиз керакки, давлат билан фуқаро ўртасида жарлик пайдо бўлганди. Бирор бир соҳада тизим яратилмаганди. Муаммолар кўпайса-да, уни бартараф этиш механизмлари йўқ эди.
Даҳшатлиси Инсондаги ишонч туйғуси йўқотилди. Инсон “эртага яхши бўлади” сафсатасидан тўйганди. Инсон учун эрта ҳеч қачон келмасди. Бир сўз билан айтганда, эртанинг эртаси кўп эди.
Бу дунёда ишончсиз яшашдан оғири бўлмаса керак. Чунки, ишонч тушунчаси Инсонни ҳаётга боғлаб туради. Ишонч Инсонда яшашга муҳаббат уйғотади. Ишонч нималарда намоён бўлади? Аввало, давлатнинг инсон учун кафолатлаган ҳуқуқларида, таъминотларида яққол кўзга ташланади.
Яқин тарихимизда… Болалар туғилади, лекин болалар боғчаси йўқ. Бори ҳам талабга жавоб бермайди. Фарзанд улғаяди, олий ўқув юртида ўқишга ўрин йўқ. Қабул жараёнларида адолатсизлик ҳукмрон. Олий таълим муассасаларида иш ўринлари қисқартирилган. Профессор-ўқитувчи кўчада. Маошлар ўта паст. Вақтида берилмайди. Мажбурий меҳнат ҳаммани силласини қуритган. Муаллим кўча супиради. Врач ариқ тозалайди. Ўқувчи, студент пахта теради. Касалга даволанишга шифохона ёки мутахассис йўқ. Чет элга боришга маблағ йўқ. Иш йўқ, уй йўқ, тижорат қиламан, деса йўл йўқ. Ҳа, мана шулар Инсонда давлатга бўлган ишончни ўлдирди.
Одамлар эртага ёки келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди… Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак…
Бу ҳаётий ғояларни илгари сурган Ўзбекистон Президентига одамлар ишонди, эргашди. Шавкат Мирзиёевнинг миллатимиз олдидаги тарихий хизматларидан яна бири бу – Инсонга қайтарилган ишонч эди.
2016 йилга келиб, инсон қадр-қиммати бош мақсадга айланди. Бу жараён қандай юз берди?. Биринчидан, раҳбарларнинг ҳаётдан узоқ, ёлғон ва асоссиз ҳисоботлари ва маълумотларига чек қўйилди. Иккинчидан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли билан бевосита мулоқотлари бошланди. Чекка, шароити оғир туманларга мамлакат раҳбарининг бориши, оддий одамларнинг хонадонига кириши, Инсон қалбига ёруғлик олиб кирди. Инсонга умид бағишлади. Ишонч берди.
Президент Мирзиёев Мўйноқ, Томди, Қўшработ, Нуробод… бўладими, энг чекка ҳудудларгача бориб, оддий инсонлар қалбига қулоқ тутди.
Вазирлик ва идора раҳбарларини пойтахт ва вилоят марказларидаги кабинетларидан чиқишга мажбур қилди. Узоқ, шароити оғир бўлган қишлоқлар, маҳаллалар, овулларда ҳам Ўзбекистон фуқаролари яшаётганлигини, орзу-умидлари борлигини, давлатни уларнинг олдида бурч ва масъулияти мавжудлигини англатди.
Ўзбекистонда Инсон тушунчаси пайдо бўлди. Инсонга Конституцияда белгиланган яшаш, фикр айтиш имконияти берилди.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан, тарихда биринчи марта мамлакатимизда демократиянинг энг олий нуқтаси ҳисобланадиган Президент ва одамлар мулоқоти институтига асос солинди.
Ўзбекистон учун собиқ тузумдан мерос чегара муаммоси, қўшнилар билан муносабатлар масаласи доим долзарб аҳамият касб этган.
Марказий Осиёдаги мамлакатларнинг жойлашуви, аҳолисининг қон-қардошлиги, дини, тили бирлиги, табиати, географиясидаги узвийлик, бутунлик, бир дарёдан сув ичиши, тоғларининг туташганлиги, яйловларидан биргаликда фойдаланиши…Қандай қилиб, бу бир бутунликни ажратиб бўлади? Қандай қилиб, Марказий Осиё мамлакатларини айри тасаввур қилиш мумкин? Ахир бу Яратганнинг тақдири, ҳукми эмасми?
Минг афсуски, мустақиллик йилларида Марказий Осиё давлатлари ўртасига сунъий тўсиқлар қўйилди. Четдан аралашувлар, ички низолар бир бўлиб. Душманчилик вазияти пайдо бўлди. Чекловлар ўрнатилди. Нотўғри сиёсат юритилди. Буни мамлакатларимизга етказилган жуда катта иқтисодий зиёнидан ташқари, ҳисобсиз маънавий йўқотишлари ҳам борлигини унутмаслигимиз керак.
Бир пайтлар тоғ ошиб, келин олиб келган, қуда-анда бўлганлар, ёки қирнинг нариги томонида ука, бу томонида ака, дарёнинг бир қирғоғида ота-она, бошқа қирғоғида фарзанд, бу қишлоқда опа, бошқа қишлоқда сингил…яқин жигарлари билан салкам 25 йил кўришмасликка маҳкум қилинди. Чегаралар ёпилди. Тоғлар миналаштирилди. Йўллар бузиб ташланди. Дарёлар суви тўхтатилди. Марказий Осиёни бирлаштириб турувчи ҳамма тармоқлардан узилдик. Қисқаси ўз қобиғимизга ўралиб олдик. Мантиқан олиб қараганда, бу халқларни ажратиб ташлашни, алоҳида тасаввур қилишнинг ҳеч қандай иложи йўқ эди.
Ургут туманида яшовчи муаллим кўзида ёш билан бир воқеани айтиб берганди. Уларнинг қишлоғига Тожикистоннинг Панжикентидан келин тушган экан. Чегаралар ёпилгандан кейин, бетоб бўлиб ётиб қолган ота қизини кўриш учун рухсат ололмаган. Шунда қандайдир йўл топиб, боғланиб, у нариги, қизи бу томондан чегарада бир-бири билан гаплашмоқчи бўлган. Лекин ўртада турган ҳарбийлар уларнинг тўсиқларга яқинлашишга қўймаган. Узоқдан бир-бирини кўриб, фақат йиғлашган. Чегарадан уйга қайтиб борган ота вафот этган…
Бундай фожиали воқеаларни ўзбек-қирғиз, ўзбек-қозоқ, ўзбек-туркман чегараларида ҳам кўриш мумкин эди. Дунёда бундан ортиқ адолатсизлик борми? Азоб, қийинчилик, хўрлик-чи? Ўша пайтларда тарғибот машиналари ҳар иккала томонда чегаралар очилса, уруш бўлади, қурол – яроғ кириб келади, деб одамларни қўрқитарди. Бундай ноҳақ сиёсат қурбонига айланган одамлар иложсиз ва ночор эди.
Президент Мирзиёев Марказий Осиёдаги барча тўсиқларни парчалади. У бугун бутун дунёда эътироф этилаётган ўзбек дипломатиясида янги саҳифа очди.
Ўзбекистон Президенти Мирзиёев тарихда Марказий Осиёни бирлашишга даъват этган, бу йўлда барча имкониятларни ишга солган давлат раҳбари сифатида қолади. Мен ишонаман, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги чегаралар, йўллар энди ҳеч қачон ёпилмайди. Тарих такрорланмайди. Марказий Осиё давлатларида 25 йил давом этган инсон ҳуқуқларини халқаро даражада бузилишларига Ўзбекистон раҳбари томонидан бутунлай чек қўйилди..
Ўзбекистон раҳбари нафақат ташқи сиёсатда балки ички масалаларда ҳам инсонлар манфаатини ўйлаб қарорлар қабул қилди.
Бутунлай йўқотиб юборилган мактабгача таълим тизими қайта тикланди. Минг афсуски, Президентнинг мазкур ислоҳоти, унинг тарихий аҳамияти етарлича таҳлил этилгани, ёритилгани йўқ.
Тасаввур қилинг бола айни шаклланаётган пайти яъни 3-7-ёшида у билан ҳеч ким шуғулланмайди. Бу аслида келажакка хиёнат эмасми? Бу ўз ихтиёримиз билан ўзимизга ёмонлик қилиш эмасми? Ўтган йиллар давомида собиқ тузумдан қолган болалар боғчалари талон-тарож қилинди. Натижада камида йигирма йил давомида болаларимизни, эртанги кунимизни то мактаб ёшига еткунча уйда қолдирдик. Қани энди, бу йўқотишларни ўрнини бирор бир моддий бойлик билан қоплаб бўлса. Ўзбекистонда бугун мактабгача таълим вазирлиги ва унинг вилоят, туман, шаҳар тузилмаси фаолият кўрсатмоқда. Бу борада хориж тажрибаси ўрганилиб, соҳага замонавий технологиялар жорий этилмоқда. Хусусий секторга ҳам кенг йўл очилди. Бунинг натижасида мактабгача ёшдаги болаларнинг 62,4 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинди.
Президент Мирзиёевнинг талаби, ташаббуси билан мамлакат фуқароси вазир, депутат, ҳоким. каби амалдорларни кўриш ва уларга дардини айтишга муяссар бўлди. Президент қаерга бормасин, олдиндан тайёрлаб қўйилган жойларни эмас, балки Президент бориши амалдорларнинг етти ухлаб тушига кирмаган манзилларга йўлни бурди. Навоий вилоятининг Томди туманига борган Президент инсонлар билан учрашиб, бир гапни айтган эди: Менга Томдига бориш қийин, об-ҳаво ёмон, деб айтишларига қарамасдан олдингизга келдим. Сизларни ўйлантираётган муаммоларни шахсан эшитгим, шароитларингизни ўз кўзим билан кўргим келди…
Бундай вазият кейинги 5 йил ичида кўплаб марта юз берди. Инсоф билан айтганда, инсоннинг ҳаёт даражаси кўтарилди, ўзгара бошлади, турмуш тарзи яхшиланди. Энг муҳими инсонда ишонч пайдо бўлди. Инсонга умид берилди.
Ўзбекистонда ёпиқ мавзулар бўлган. Булардан бири муҳожирлар мавзуси. Бу борада статистика юритилмас, ҳатто мажбур бўлиб хорижга ишга кетганлар қайтиб келганда уларга иш берилмасди. Хорижда бўлган вақтида нималар билан шуғулланганлиги ҳақида сўроқлар, маҳкамалар бўларди. Буларнинг четга бориб, ишлагани учун биз гуноҳкормиз, деб ҳеч ким айтмасди. Уларга етарли шароит яратиб беролмаганимиздан, иш йўқлигидан, бола-чақасини боқиш учун чет элга кетган, деган ҳақиқатдан юз ўгириларди.
Давлатнинг бу камчилигини биринчи бўлиб Президент Мирзиёев тан олди. Мамлакатда статистика юритила бошланди. Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари ҳам чорак аср давомида муҳожирлар учун ёпиқ эди. Мана шу темир эшиклар очилди. Иложсизликдан муҳожирликни бўйнига олган ўзбекистонликларни чет элда ҳам ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмлари яратилди. Бир пайтлар нима иш қилишини билмайдиган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига жуда кўплаб вазифалар юклатилди. Ўзбекистонда чет элга бориб, ишлаб келаётган фуқароларга нисбатан муносабат ўзгарди. Яратилаётган иш ўринлари туфайли четга чиқиш нисбатан камайди. Инсон уни ҳимоя қиладиган давлати, Президенти борлигини биринчи марта ҳис этди.
Ўзбекистонда яна бир ёпиқ мавзу бор эдики, ҳатто, бу сўзни ишлатишга ҳам йўл қўйилмас эди. Бу камбағаллик мавзуси.
Президент Мирзиёев тарихда биринчи марта мамлакатда яшаётган ҳар бир камбағални ҳисобга олишни буюрди ва камбағалликка қарши Ўзбекистонда кураш бошланди. Камбағалликни бартараф этиш учун давлат бош ислоҳотчига айланди. Ўзбек тили луғатидан чиқариб ташланган камбағаллик сўзи кун тартибига чиқди.
Энг аянчли томони, камбағаллар борлигини ҳамма биларди. Камбағалларнинг ночор ҳаётидан барча хабардор эди. Давлат идораларига, маҳаллий ҳокимликларга ёрдам сўраб, камбағаллардан тўхтовсиз шикоят аризалари келарди. Лекин давлатда ўзи тан олмаган камбағал фуқароларининг ҳаётини ўзгартириш борасида ҳеч қандай стратегия мавжуд эмасди. Энг ёмони чора кўрилмаса камбағаллар ҳаёт тарзи янада ночорлашиб борар экан. Бу борада тизимнинг йўқлиги туфайли ҳар замонда қилинган хайр-эҳсон ёки ёрдам билан камбағалликни бартараф этиб бўлмасди.
АҚШ нинг 16-Президенти Авраам Линколн қулликни тугатиш борасидаги тарихий хизматлари билан америкаликлар қалбидан чуқур жой олган эди. Президент Мирзиёевнинг номи ҳам Ўзбекистон тарихида камбағалликни бартараф этиш стратегиясини ишлаб чиққанлиги билан эътироф этилади.
Камбағалликни тугатиш борасида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” лойиҳалари мамлакат бўйлаб татбиқ этилди. Тўғри, барча муаммоларни қисқа вақт ичида ечиш мушкул. Лекин ҳамма вақт илк қадамни қўйиш осон бўлмайди. Биринчи қадам ташландими, демак, иш олдинга силжий бошлайди.
Инсонларнинг ҳаётидан рози бўлиши тамойилини ҳам биринчилар қаторида Президент Мирзиёев ишлаб чиқди ва ҳаётга татбиқ қилди. Ўзбекистонда салкам 30 йил давомида бирор марта инсондан “Сен ҳаётингдан розимисан? Сенинг бирор бир муаммоинг борми, эътирозинг-чи, таклифинг-чи?” – сўралмаган эди. Бу мақсад ҳам жуда мавҳум тарзда ишлатиларди. “Халқни рози қилиш”, “халқнинг фикри” тарзида. Лекин инсон ва шахс тушунчаси тобора йўқолиб борар, биздан узоқлашарди. Истеъмолдан чиқиб кетганди. Бу ҳақиқатни тан олиш, бу адолатсизликка чек қўйиш учун жуда катта жасорат зарур эди. Бағрикенглик, инсонийлик керак эди. Бу масъулиятли вазифани ўз бўйнига олган Президент Мирзиёевни ҳеч ким йўлидан қайтаролмади. Унинг инсонларга узатган қўли манзили, кимлиги аниқ бўлган инсонга етиб борди.
Ўтган беш йил Ўзбекистонда инсон қадрини, шаънини, ҳуқуқларини тиклаш даври бўлди. Шундан бўлса керак, бундай ўзгаришларни баъзан нотўғри талқин қилувчилар, ношукурлар ҳам учраб туради. Лекин бу Президент Мирзиёев учун муҳим эмас. Унинг инсонга қаратилган ислоҳотлари, инсонга меҳри, муҳаббати ҳеч қачон сўнмайди. Аксинча, инсонни тинглаш, инсон билан мулоқот, инсонни англаш, давлат раҳбари учун жуда муҳим эканлигини тушуниб етган Президент Мирзиёев бу борадаги ишларини ҳаракатларини янада ривожлантирмоқда. Давлат бошқарувида асосий эътиборни инсон омилига қаратмоқда. Инсон таклиф-мулоҳазаларидан фойдаланмоқда. Бу Ўзбекистонда давлат билан инсон ўртасидаги жарликни йўқолишига олиб келди.
Бугун ҳалқаро экспертлар Президент Мирзиёев бошқарувидаги ўта бетакрор услубларни таҳлил қилмоқда, ўрганмоқда ва Ўзбекистон тажрибасини давлат раҳбарларига ўрнак қилиб кўрсатмоқда.
Демократия ўта ривожланган жамиятларда ҳам инсон омилига жуда катта эътибор қаратилади ва инсон тушунчаси муқаддас ҳисобланади. Шундан бўлса керак, жаҳон тарихида, адабиётида озод инсон, инсон ҳуқуқи тушунчаларига алоҳида ёндашилади. Эҳтиёткорлик билан қаралади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сиёсий арбоб сифатида халқаро миқёсдаги глобал масалаларни ҳал этаётгани, бугун бутун дунёда эътироф этилмоқда, тан олинмоқда. Бу сурункали давом этаётган Афғонистон муаммоси, тожик-қирғиз чегарасидаги таҳликали вазиятни бартараф этиш, минтақани экологик фожиасига айланган Орол денгизи дардини БМТ минбарида кўтариш, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши, Марказий ва Жанубий Осиё бирдамлигига даъват каби жаҳон сиёсий майдонида пайдо бўлган мутлақо янги қарашлар… Барча-барчасида Ўзбекистон раҳбарининг позицияси муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар фаолиятидаги ўрни ва нуфузи ҳам тобора ортиб бормоқда. Бунинг натижасида манфаатлар мувозанати яратилмоқда. Ўзбекистон тутган йўл, қарашлари билан ҳисоблашилмоқда. Ҳа, буларнинг барчасига тарих учун жуда қисқа давр бўлган беш йил ичида эришдик…
Бугун дунё ўзгарди. Мана шу дунё узра Ўзбекистон бутунлай ўзгарди. ИНСОН қадр қиммати Президент, давлат даражасида эъзозланмоқда. Ўзбекистон фуқаросининг руҳиятида Ватанга муҳаббат, давлатга, Президентга ишонч пайдо бўлди. Энг муҳими, бу тарихий жараён давом этмоқда, такомиллашмоқда, бойимоқда.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори, профессор,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.