Президент Шавкат Мирзиёев XXXII ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчилари бўлган спортчи ва мураббийлар билан учрашувда Оксана Чусовитинанинг спортдаги шон-шуҳрати, юртимиз спортига қўшган муносиб ҳиссаси, халқимизнинг унга бўлган меҳри ҳақида алоҳида тўхталди.
– Ҳаммамиз яхши биламиз, у илк Олимпиада ўйинларидаги иштирокини 1992 йили Барселонада бошлаган. Шундан буён танаффуссиз саккиз марта Олимпиада ўйинларида иштирок этди. Бу ҳақиқатан ҳам Гиннес рекордлар китобига кирган дунё спорти тарихидаги улкан ҳодисадир. Бу учун қанча ирода, меҳнат керак.
Оксана Александровнанинг Токио Олимпиадасидаги навбатдаги иштироки муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Дунё жамоатчилиги Оксананинг ўзига қатъий ишончини намоён қилган ҳар бир чиқишини ҳайрат ва ҳавас билан тўлқинланиб кузатиб борди.
Биз бундай афсонавий спортчиларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг жасорати, ғалабага бўлган интилиши ёш спортчилар учун ўзига хос юксак натижалар ва шон-шуҳрат мактаби бўлиб хизмат қилади, – деди Президент.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Оксана Чусовитинани спортдаги фидокорона хизматлари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирлади. Оксана Чусовитинанинг келгуси мураббийлик фаолиятига омад тилаб, унинг спорт оламидаги катта тажрибаси бўлажак чемпионларни тарбиялашга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Мутасаддиларга Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини ташкил қилиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича топшириқ берилди.
ЎзА