Президент Шавкат Мирзиёевнинг XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийларимиз билан учрашуви давом этмоқда.

Бу йилги Олимпия ўйинлари қандай қийин ва мураккаб вазиятда ўтганини барчамиз яхши биламиз. Глобал пандемия, аввало, спортчилар учун кутилмаган жисмоний ва руҳий муаммоларни келтириб чиқарди.

Шу маънода, бу галги Олимпиада чинакам мардлик ва матонат синови, ҳалол ва кескин беллашувлар майдони бўлди. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, кўплаб мусобақалар мухлислар иштирокисиз ўтди. Бундай ҳолат Олимпиада тарихида авваллари ҳеч қачон кузатилмаган.

– Ана шундай ўта оғир вазиятда Ўзбекистон спортчилари фақат ғалабага интилиб, ҳақиқий мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Фарзандларимиз она халқимизнинг меҳри ва ишончи, миллионлаб мухлисларнинг қўллаб-қувватлашини ҳар дақиқа юрак-юракдан ҳис этиб турди ва бу уларга чексиз куч ва мадад берди. Фурсатдан фойдаланиб, Токиодаги мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган, барчамизга ҳаяжонли ва унутилмас дамларни тақдим этган Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг барча аъзолари ва устоз-мураббийларга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдираман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Албатта, эришилган натижаларда Олимпиада ўйинларига олдиндан пухта тайёргарлик кўрилгани, бунинг учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ана шундай эътибор туфайли Ўзбекистон вакиллари 17 та спорт тури бўйича 71 та Олимпия йўлланмасини қўлга киритгани миллий спортимиз тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Яна бир муҳим жиҳати – аёллар ўртасида спортни ривожлантириш мақсадида амалга ошираётган катта ишлар ҳам ижобий натижа бермоқда. Буни 28 нафар спортчи қизларимиз Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритгани ҳам тасдиқлайди. Бу мустақил Ўзбекистон тарихидаги рекорд натижадир.

Боксчи қизларимиз илк бор Олимпиадага 3 та йўлланмани қўлга киритди. Натижада бокс бўйича жами лицензиялар сони 11 тани ташкил этди.

Ушбу Олимпия ўйинларида фақат учта давлат шунча боксчи билан иштирок этганини ҳисобга олсак, бу алоҳида эътиборга лойиқ кўрсаткич.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда Олимпиада ҳаракати тобора ривожланиб, янги, юксак босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

– Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Токио Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз таълим олган  мактаб ва олий ўқув юртларида, вояга етган маҳаллаларда уларнинг ибратли фаолиятини тарғиб этишга бағишланган кўргазмалар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ, – деди Президент.

 

ЎзА