Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент Садир Жапаров давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан дилдан табриклаб, биродар Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилакларини  изҳор  этди.

Икки томонлама кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг 11-12 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммити давомида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани қайд этилди. Энергетика, траснпорт, машинасозлик, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни жадал илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Яқинда ўтказилган Марказий ва Жанубий Осиёнинг боғлиқлигини кучайтириш масалалари бўйича халқаро конференциянинг минтақамизда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашдаги муҳим ўрни қайд этилди.

Шунингдек, бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан 6 август куни Туркманистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.