Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳудудда мавжуд экологик вазиятларни соғломлаштириш, атроф-муҳитни, табиий ва биологик ресурсларни муҳофаза қилиш, аҳолининг ҳаёти ва фаолиятига салбий таъсирни янада юмшатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондининг тузилиши ҳудуд аҳолисига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг ҳақиқий намунаси бўлди.

– Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномада қайд этганидек, минтақамизда, бутун дунёда экологик вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётгани бизни жиддий ташвишга солади, –дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Абдураҳман Сапаров. – Бугунги кунда қўшни давлатлар ва жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, денгизнинг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазорлар ташкил этилмоқда.

Қўмита раиси таъкидлаганидек, Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фондига 13,8 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ келиб тушган бўлса, кейинги икки йилда 300 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади. Ушбу маблағлар ичимлик суви, аҳоли саломатлиги ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик, экология, ирригация-мелиорация тизимларини яхшилашга сарфланади.

Орол денгизининг суви қуриган тубида «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш мақсадида сўнгги икки йилда 1 миллион 567 минг гектар майдонда саксовул ва чўлга чидамли ўсимликлар экилди ва ушбу ишлар изчил давом этмоқда. Жорий йилнинг баҳор мавсумида Орол денгизининг куриган тубидаги 458,4 минг гектардан ортиқ майдонда “яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишлари бажарилди. Натижада, денгизнинг суви қуриган тубидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсири камайиши, табиий мувозанат тикланиб, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси жонланиши сезилмоқда.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида умумий майдони 2 миллион 420 минг гектар бўлган тўртта муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мавжуд. Уларга майдони 68717,8 гектар бўлган Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, майдони 628300 гектар бўлган “Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, майдони 1447143 гектар бўлган “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи, майдони 280507 гектар бўлган “Судочье-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси киради. Жорий йилда майдони 350000 гектар бўлган “Барсакелмес” буюртма қўриқхонаси ҳамда майдони 250000 гектар “Возрождения ороли” буюртма қўриқхонаси ташкил этилади. Албатта, биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар барпо этилиши Амударё дельтасида табиий тўқай ресурсларини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ва улардан барқарор фойдаланиш, Устюрт (платоси) текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ишончли муҳофоза қилиш, экологик тизим ҳолатини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонотларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш, уларни қайта тиклашга хизмат қилади. Шунингдек, алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, уларни қайта тиклаш, Орол денгизининг қуриган тубида табиий ландшафтларни муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этган эди. Ушбу таклиф маъқулланиб, жорий йилнинг 18 май куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Бугунги кунда “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, Орол фожеаси оқибатларини бартараф этиш ва минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, денгизнинг қуриган тубида яшил дарахтзорлар барпо этиш орқали чўлланишнинг олдини олиш, минтақада ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилади.

Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар (дастурлар) ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ҳисоботларини бевосита ҳудуднинг ўзида эшитиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташкил этилди. Албат а бу саъй-ҳаракатлар минтақани ривожлантириш, ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишга хизмат қилади.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА