Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароити билан яқиндан танишиш, истиқболдаги режаларни белгилаш мақсадида 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 2 июнь куни Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилди.

Яратгандан юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилинди. Зиёлилар билан суҳбатда аллома боболаримизнинг маърифий меросини чуқур ўрганиш, ёшларни билимли ва фазилатли инсонлар этиб тарбиялаш ҳақида сўз юритилди.

Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида йиғилиш бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятни комплекс ривожлантириш, “маҳаллабай” тизимда аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди.

– Сизлар билан учрашиб, муаммоларни ҳал этиш учун келганмиз. Бу ташрифга анчадан бери тайёргарлик кўрдик. Тошкентга боғлиқ масала қолмади. Энди берилган маблағ ва тизимни ақл билан ишлатиб, жойларда манзилли бажариш керак. Мен куйиб-пишганим билан сизлар жон куйдирмасангиз, халқнинг бири икки бўлмайди. Сурхондарёнинг ички имкониятларидан фойдалансак, одамларнинг дардига дармон бўлиш учун ҳамма шароит бор. Бунинг учун сектор раҳбарлари фидойи бўлиб, жойига тушиб, “маҳаллабай” тизимда ишлаши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш биринчи йўналиш сифатида белгиланди.

Давлатимиз раҳбари Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманлари ривожига туртки бериш мақсадида ушбу туманларда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ер, мол-мулк, кичик корхона айланмасидан олинадиган солиқлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан 2024 йил 1 январга қадар озод қилишни таклиф қилди.

Сурхондарё вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 16 триллион 800 миллиард сўм бўлган 1 минг 177 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши қайд этилди. Уларнинг натижасида 25 мингта янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган.

– Вилоятда қурилиш материаллари, енгил, чарм, озиқ-овқат, электротехника, маҳаллий саноат каби “драйвер” соҳаларни жадал ривожлантириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш зарур, – деди Президент.

Шу мақсадда, қурилиш материалларини экспорт қилишда транспорт харажатлари ва кредит фоизларини қисман қоплаб бериш, импорт ўрнини босувчи маиший товарлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат корхоналарига хомашё ва ярим фабрикатларни импорт қилишда имтиёзлар бериш бўйича таклифлар билдирилди.

Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этилиши айтилди.

Ушбу 8 та ихтисослаштирилган туманда саноатни ривожлантириш учун зарур бўладиган, жами 674 километр сув, электр, газ, йўл, алоқа тармоқларини қуриш бўйича манзилли лойиҳалар рўйхати шакллантирилади.

Вилоятда импорт ўрнини босувчи янги лойиҳаларни молиялаштириш, зарур инфратузилмани яратиш, экспортёрларни айланма маблағ билан таъминлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли молиявий ресурс ажратиладиган бўлди.

“Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва Термиз халқаро савдо марказини Осиё давлатлари учун экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотишга хизмат қиладиган асосий майдончага айлантириш вазифаси қўйилди.

Президент етарли эътибор берилмаётган яна бир муҳим масала – маҳаллий саноат корхоналари билан жиддий шуғулланиш кераклигини қайд этди. Уларни қўллаб-қувватлаш учун импорт ўрнини босувчи ижтимоий-маиший товарлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат корхоналарини мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган хомашё ва ярим фабрикатларни импорт қилишда 2026 йил 1 июлгача божхона тўловларидан озод қилиш, вилоятда саноат соҳаларини жадал ривожлантириш учун махсус Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш таклифини билдирди.

Инвестиция лойиҳаларининг 3 триллион 121 миллиард сўмлиги қишлоқ хўжалиги соҳасига оид. Хусусан, 1 минг гектар иссиқхоналар ташкил этишга 950 миллиард сўм йўналтирилади. Олтинсой, Узун, Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Термиз ва Сариосиё туманларида зайтун плантациялари, Шеробод, Музработ ва Қизириқда анорзорлар барпо этилади.

Йиғилишда Сурхондарё вилоятининг 60 та сектор раҳбари ўз ҳудудидаги маҳаллаларда “ўсиш нуқталари”ни белгилаб, уларни ривожлантириш учун иш вақтининг камида 50 фоизини маҳаллада ўтказиши, томорқадан оқилона фойдаланиш бўйича янги тизим яратилиши қайд этилди.

– Сурхондарё мисолида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича хонадон эгаси – тайёрловчи корхона – қайта ишловчи ва экспортёрларни боғловчи, янги яхлит тизим яратамиз. Бунинг учун унумдорлиги паст, ғалладан бўшайдиган майдонлардан томорқа ер эгаларига сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун ўртача 15-20 сотихдан 10 йил муддатгача ижарага ер беришнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади. Ушбу ажратилган ерларда етиштириладиган маҳсулотларга мева-сабзавот ва томорқа кластерлари буюртма беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Буюртмачилар маҳсулот етиштириш учун барча моддий ресурслар билан таъминлайди ва етиштирилган маҳсулотни сотиб олади.

Мазкур мева-сабзавот кластерлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва яна янги кластерларни ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. 60 та секторнинг ҳар бирида томорқада маҳсулот етиштирувчи хонадонларни кластерлар билан боғловчи, тайёрловчи корхоналар ташкил этилади. Ушбу корхоналар томорқа ер эгаларидан етиштирилган маҳсулотни сотиб олади ва саралаб кластерларга экспорт қилиш ҳамда қайта ишлаш учун беради.

Кластерлар томонидан томорқада етиштирилган маҳсулотларни ташқи бозорларда сотишни ташкил этиш учун Россиядаги элчихонамиз ва ваколатхоналарда Сурхондарё вилояти вакиллари фаолиятини йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда вилоятга тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилишни кенгайтириш учун оилавий тадбиркорлик ҳамда хизмат кўрсатишни ривожлантириш дастурлари доирасида 727 миллиард сўм кредит ажратилиши маълум қилинди.

Жорий йилда жамоат ишлари, кооператив ва томорқа хўжалигида 50 минг нафар ишсизнинг бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 32 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди.

Бу йил вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 483 та қишлоқ ва маҳаллада ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун 1,6 триллион сўм маблағ ажратилган.

1 минг 230 километр йўллар таъмирланиши, яна минг километр электр тармоғи тортилиши қайд этилди.

Президент яқин 2-3 йилда вилоятда 1,5 миллион аҳолининг ичимлик суви муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш, бунинг учун “Тўпаланг” сув омборидан 400 километр магистрал тармоқлар тортиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Молия вазирлигига вилоятда ижтимоий, коммуникация ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга 2021 йил учун қўшимча 200 миллиард сўм ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Президентимиз вилоятнинг миллий қадриятларини янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хонадонларда қорабайир отлар, дўппилар, дўмбира бўлиши ўзгача файз бериши айтилди. Сурхондарёда чавандозлик мактабини ташкил этиш топшириғи берилди.  Келгуси йил йилқичилик, дўмбира, дўппи каби миллий қадриятларимиз бўйича Наврўз сайли Сурхондарё вилоятида бўлишини таъкидлади.

Йиғилишда шаҳар ва туман студияларидаги аҳоли билан очиқ мулоқот бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида қурилган кўп қаватли уйларни бориб кўрди.

Ушбу 9 қаватли уйларда 208 та хонадон бор. Бино фасади уч қопламадан иборат бўлиб, уйлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган. Биринчи қаватда савдо ва сервис шохобчалари жойлашган.

Уйларга хизмат кўрсатиш учун бошқарув компанияси ташкил этилган. У ерда электр, газ, лифт ва сантехника усталари навбатчилиги йўлга қўйилади. Шунингдек, компания ҳузурида ўқув маркази ҳам бўлиб, ёшлар кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатадиган ишчи касбларни ўрганиши мумкин.

Бу ерга илк оилалар кўчиб кела бошлади. Уларнинг айримлари хонадонларни давлат томонидан берилган имтиёзлар асосида олган.

Давлатимиз раҳбари шундай икки оила – Наргиза Раҳимова ҳамда Фаррух Эгамовнинг хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди.

– Сиёсатимизнинг энг катта талаби маҳаллаларда юриб, одамларнинг муаммоларини эшитиб, уларни ҳал этиш. Бугун ҳам Сурхондарё бўйича катта режалар белгиладик. Ҳаммасининг тагида битта нарса – инсон манфаати бор. Энди бу уйларни аҳолига адолатли бериш керак. Адолат бўлса, қадрига етади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Умуман, бу йил Сурхондарё вилоятида 3 минг 500 квартирали кўп қаватли уйлар қурилади. 1 минг 460 та оилага ипотека учун субсидия берилади.

Шу билан Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи якунига етди.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбирлари