Сурхондарё вилояти фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари ижтимоий соҳани ривожлантириш, таълим соҳасида амалга ошириш лозим бўлган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Таъкидландики, Сурхондарё вилоятида мактабгача таълим қамрови 41,5 фоизни, жумладан Бандихонда 20 фоиз, Деновда 27 фоиз, Қумқўрғонда 32 фоизни ташкил этиш учун чоралар кўрилади.

2021-2022 йилларда 22 та давлат, 37 та давлат-хусусий шериклик, мингдан ортиқ оилавий боғчаларни барпо этиш, бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил қилиш орқали, қамровни 60 фоизга етказиш лозимлиги қайд этилди.

– Боғча очадиган тадбиркорлар давлат томонидан янада қўллаб-қувватланади, – деди Президент. – Оилавий боғчалардаги болалар сонини 25 нафардан 50 нафаргача ошириш ва 4 нафаргача ходим ёллашга рухсат берилади. Бундай боғчаларга мебель ва жиҳозлар сотиб олиш учун 30 миллион сўмгача, 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 5 фоизли кредитлар ажратилади.

Давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларга қатнайдиган ҳар бир бола учун бюджетдан ажратиладиган субсидиялар миқдори 50 фоиздан 75 фоизга оширилади. Уларнинг электр ва табиий газ бўйича харажатларининг 50 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.

– Бу ишимиздан мақсад, ҳар бир онанинг фарзанди фақат боғчага борсин, – деди Шавкат Мирзиёев. – Мен кеча борган оилада “Неварам боғчага боради. Соғлиги ҳам жойида, билими ҳам яхши. Буларни кўриб ўзимиз хурсанд бўляпмиз”, деган гапларни эшитдим. Бироқ шу пайтгача туманлар ҳокимлари бу ишларни ташкил қилса бўларди. Депутатлар эртага аҳолига бу саъй-ҳаракатлар ҳақида тушунтирсин.

 

ЎзА