Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароитлари билан яқиндан танишиш мақсадида икки кунлик ташриф билан Сурхондарё вилоятида бўлиб турибди.

Амалий ташриф давомида энергетика, агросаноат, савдо ва қишлоқ хўжалиги лойиҳалари салоҳияти билан танишиш, бунёдкорлик ишларини кўздан кечириш режалаштирилган.

Сурхондарё вилоятида Президентимиз дастлаб Шеробод туманидаги қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига старт берди.

Президент Шеробод тумани «Бўстон» маҳалласида ташкил этилган анор боғи билан танишди. Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали тадқиқотчилари билан мулоқотда анорчиликни илмий асосда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, тегишли кўрсатмалар берилди.

Сўнг туманнинг «Каттабоғ» маҳалласида анорчилик билан шуғулланаётган Абдураҳмон Каримов хонадонида ҳам бўлди, маҳалла аҳли, нуронийлар билан самимий суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари Шеробод туманидаги замонавий иссиқхона ва анорни қайта ишлаш корхонаси билан танишди.

Шавкат Мирзиёев Ангор туманидаги “Ангор Сурхон ғурури” кластерида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди.

Президентимиз Термиз туманидаги «Айритом» чегара божхона постида амалга оширилган ишлар ҳамда Термиз халқаро савдо маркази бош режаси билан танишди.

Давлатимиз раҳбари Термиз шаҳридаги «Аfghan bazar carpets» корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ерда пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг Афғонистон тажрибаси асосида жундан гилам тўқиш лойиҳаси тақдим этилди.

Ташриф давом этмоқда.

 

Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА