Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари вилоятни комплекс ривожлантириш, “маҳаллабай” ишлаш асосида аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва ҳаётини яхшилаш бўйича саккизта йўналишдан иборат аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Қайд этилишича, яқин 2-3 йилда вилоятда 1,5 миллион аҳолининг ичимлик сув муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш мақсадида “Тўпаланг” сув омборидан 400 километр магистрал тармоқлар қурилади. Бунга Халқаро молия институтларидан 150 миллион доллар жалб қилиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари Бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Раматовга магистрал тармоқларни лойиҳалаштиришда аҳолига аниқ маълумот бериш, яъни бу йил қайси туманларга, кейинги йил қайсига сув келади – бу ҳақда одамларни хабардор қилиб бориш зарурлигини таъкидлади.
– Лойиҳани шундай қиласизларки, уч йилга мўлжалланган магистрал тармоқлар бир йилда қаерга келса, дарров одамларга очиб берасизлар. Иккинчи йилда қайси туманга, олти ойда қайси маҳаллага олиб келамиз – одамларга шуни эълон қиламиз. Сув келдими одамлар қабул қилиб олаверади. Ҳеч қайси вилоятда бундай имконият йўқ. “Тўпаланг”ни қандай қийинчилик билан қурганмиз, одамларга қилган меҳнатларимиз натижасини кўрсатишимиз керак. Икки ой муҳлат сизларга, биринчи йўналишларни менга айтасизлар, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Бош прокурор Н.Йўлдошев ва ўринбосари А.Мавлоновга магистрал тармоқларни лойиҳалаш ва қуриш, умуман, вилоятда сарфланаётган маблағларни назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.
– Вилоят прокурори ҳам фақат шу масала билан шуғулланиши керак, хиёнатга йўл қўймаслик керак. Вилоятда ким кимнинг одами, қайси амалдорнинг таниши эканини яхши билади. Кимни алдаймиз биз? Бу уч-тўрт йиллаб пешона теримиз, кечаю кундуз азоб билан топган пулимиз-ку. Коронавирусга қарши курашга 80 триллион сўм кетди, 80 триллион! Лекин халқни қутқариб қолдик бу балодан. Агар эътибор бермаганимизда йўқотиш қанча кўп бўларди? Шунинг учун, Бош прокурор ва вилоят прокурори кетган пулни ҳар куни схема қилиб текшириб боради. Мана Самарқандда эшитяпсизлар, 50 минг доллар, 30 минг доллар, битта машина, учта машина… билан қўлга тушаяпти. Нима дегани бу, кимни алдаяпмиз?! Нима Сурхондарёда бу йўқми? Бор! Ҳамма туман раҳбарларига ойлигини ҳал қилиб берганмиз. Мен ҳоким бўлиб ишлаган пайтда маошимиз битта галстукка етмасди. Ҳозир-чи? Вилоят ҳокимининг, вазирнинг ойлигини мен биламан, ўзи билади. Нима учун? Эй ноинсофлар, ҳаммангизни боқиб оламан, халқни талон-торож қилманглар деяяпман. Оиласи бозорга, касалхонага боришга ҳам пул бериб қўйганман. Чунки мен бу азобларни кўрганман. Ҳокимниям оиласи, боласи, невараси бор, ҳар битта туман ҳокимига, прокурорига, солиқчисига, муовинларига уй қилиб берганман. Қайси давлатда бор бу? Инсоф сари барака, одамларга тармашмайлик энди… Сурхондарёда нуронийлар бошчилигида битта жамғарма тузиб, халқ ризқини ўғирлаган одамларга нафрат уйғотадиган тизим яратиш керак. Нуронийлар бориб ўша одамларни кўзини очсин. Мана шундай қилсак, халқнинг ҳалол пули тежалиб, одамлар рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда вилоятда ижтимоий, коммуникация ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга 2021 йил учун қўшимча 200 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Шундан 80 миллиард сўми Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилади.
– Мен кеча ташриф буюрган Шеробод туманининг Каттабоғ маҳалласида яшайдиган 5 минг нафар аҳоли ҳам, тоза ичимлик сув билан тўлиқ таъминланади. Ушбу маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшларга маданий ҳордиқ учун шароит яратиш мақсадида замонавий маҳалла маркази 1 октябргача барпо этилади. Шунингдек, 200 ўринли боғча, 180 иш ўринли тикувчилик лойиҳаси, 50 гектар иссиқхона ва 150 гектар анорзор ташкил этилади. Умуман, яқин бир ярим йил ичида бу ерда мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Бу каби бунёдкорлик ишлари бошқа маҳаллаларда ҳам изчил амалга оширилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Матназар Элмуродов, ЎзА