Бугунги видеоселектор йиғилишида айтилишича, республика бўйича марказлашган иссиқлик тармоқларига 15 мингта турар жой уланган (40 фоиз), 2 минг километр иссиқлик тармоғи (50 фоиз) яроқсиз аҳволда бўлиб, тармоқдаги йўқотишлар ўртача 40 фоизни ташкил этмоқда.
Шу боис, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Қурбон Турсуновга иссиқлиқ тизимини модернизация қилиш бўйича мутлақо янги ёндашувларни жорий этиш шарти билан олти ой синов муддати берилди.
Қурбон Турсуновга Тошкент, Фарғона, Намаган, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимлари билан бирга, йил якунига қадар 56 та қозонхона қуриш ва реконструкция қилиш, 205 километр тармоқларни таъмирлаш орқали 85 мингта хонадонли 2 мингдан зиёд уйларни марказий иссиқлик тармоғига улаш топширилди.
Жумладан, Тошкент вилоятида – 1,1 мингта, Фарғонада – 131 та, Наманганда – 350 та, Бухорода – 202 та, Самарқандда – 93 та кўп қаватли уй-жойларда марказлашган иссиқлик тизимини тиклаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Қозонхоналарни модернизация қилиш ҳисобига энергосамарадорлик 57 фоиздан 92 фоизга ортиб, тармоқдаги йўқотишлар 35 фоиздан 3,5 фоизга тушади.
Умуман, жорий йилнинг ўзида 183 та массивда қурилаётган 40 мингта хонадонни марказлашган иситиш тизимига ўтказиш кераклиги айтиб ўтилди.
Президент янги кўп қаватли уйларни яхлит массив шаклида қуришдан мақсад энергия ресурсларни, инфратузилма харажатларини иқтисод қилиш эканини таъкидлади.
Лекин бу бўйича Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида ҳам, ҳудудларда ҳам ҳалигача ягона ёндашув йўқлиги қайд этилди.
Шунинг учун, О.Раматов, Ж.Қўчқоров, Ш.Ҳидоятов, Т.Ишметовга бир ой муддатда турар жойларнинг марказлашган иссиқлик таъминотини тиклаш, уларни замонавий тизимларга ўтказиш, бунга хусусий секторни кенг жалб қилиш бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди.
Биргина мисол, Тошкент шаҳри иссиқлик таъминотини “ёпиқ тизим”га ўтказиш йилига 3 миллион гигакалория иссиқлик йўқотишни (420 миллиард сўм), 320 миллион кубметр (210 миллиард сўм) табиий газ ҳамда 85 миллион киловатт (40 миллиард сўм) электр сарфини қисқартириш имконини беради.
Видеоселекторда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Қурбон Турсунов, Наманган вилояти ҳокими Ш.Абдураззоқов, Тошкент вилояти ҳокими Д.Ҳидоятовга 1 ноябрга қадар Наманган ва Чирчиқ шаҳарларида марказлашган иссиқлик таъминотининг “намунавий тажрибаси”ни яратиш бўйича топшириқ берилди.
Наманган шаҳар ҳокими шаҳар ҳудудида иссиқлик тармоғини яхшилаш бўйича режаларини тушунтирди.