Бугун, 12 май куни макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бюджетга қўшимча маблағлар жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Молия вазири Т.Ишметов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Қудбиев, Божхона қўмитаси раиси М.Азимов вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, барча имконият ва захираларни ишга солиб, май-июнь ойларида бюджетга 26 триллион сўм тушумни таъминлаш ҳисобига, иккинчи чорак прогнозига 3,2 триллион сўм қўшимча маблағ жалб қилиши шарт.

Бунда Ш.Қудбиев 2,7 триллион сўм, М.Азимов 500 миллиард сўм бюджетга қўшимча тушумни таъминлашга масъул бўлади.

Бундан ташқари, Ш.Қудбиев, Т.Ишметов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромовга бир ой муддатда тадбиркорларнинг фикр ва эътирозларини инобатга олиб, қўшилган қиймат солиғи тўловчиларни рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар биринчи ярим йиллик параметрларини тўлиқ бажариш бўйича ўз режалари ва тизимли иш ташкил этиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ҳисобот берди.