Мамлакатимизда Франция Республикасининг Европа ва ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик бўйича вакил-вазири Франк Риестер бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди.
10 май куни Франк Риестер бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан учрашди.
Суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Аввалги, шу жумладан, икки мамлакат ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг жорий йил 3 май куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди.
Учрашувда бўлажак турли даражадаги қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Франция томони 2022 йил кузида Париждаги Лувр музейида “Марказий Осиё улуғворлиги. Ўзбекистон карвон йўлларида” номли кўргазмани ташкиллаштиришда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Мазкур тадбир икки мамлакат маданий ҳаётидаги ёрқин воқеага айланиши қайд этилди.
Музокаралар якунида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон ва Франция Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзоладилар.
Франк Риестер бошчилигидаги делегация шу куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов билан ҳам учрашди.
Учрашувда сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий-техник ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил октябрь ойида Францияга ташрифи Ўзбекистон – Франция ҳамкорлигининг янги босқичга кўтарилиши учун асос бўлиб хизмат қилгани, ташриф давомида эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилиши икки давлат раҳбарларининг назоратида экани таъкидланди.
Франция делегацияси раҳбари унинг Ўзбекистонга ташрифи пандемия бошланганидан буён илк хорижий сафари эканлигини таъкидлади.
Инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама этилди. Геология, энергетика, қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни қайта ишлаш ва туризм соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширишда ижобий динамика кузатилганлиги таъкидланди. Тегишли вазирлик, идора ва хусусий компаниялар раҳбарлари ўртасида таклифларни ўрганиш ва янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан шартномалар тузишга қаратилган “G2B” и “B2B” шаклида музокаралар ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзаро савдо соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг салмоқли салоҳияти қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг “GSP+” преференциялар бош тизими бенефициари мақомини олиши ўзбек тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларининг Франция бозорига чиқиши учун янги имкониятларни очди. Шу нуқтаи назардан, Франция томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам юқори баҳо берди. ЖСТга аъзолик Ўзбекистон – Франция савдо айланмасини кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун шароит яратади.
Молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) билан муваффақиятли ҳамкорликни қайд этиб, 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Ҳамкорлик дастури имзоланишини маъқулладилар. Сув ресурсларини бошқариш, санитария ва чорвачилик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ФТА билан музокараларни фаоллаштиришга оид келишувга эришилди.
Шунингдек, томонлар ўзбек тижорат банкларининг «Bpifrance», «Credit Agricole» и «Société Générale» каби Франциянинг банк-молия институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун молиялаштиришни ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида барча даражадаги икки томонлама алоқаларни жадаллаштириш орқали ҳамкорликнинг белгиланган йўналишлари бўйича муносабатларни фаоллаштиришга келишилди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА