Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотида Россия билан ҳарбий можаро туфайли Украинада 12 300 дан зиёд оддий аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмгани, 27 800 дан кўп одам яралангани қайд этилган. Бу ҳақда “Укринформ” агентлиги ёзди.

– 2022 йил 24 февралдан 2024 йил 30 ноябргача бўлган даврда Украинада 12 340 киши ҳалок бўлгани, 27 836 нафар инсон жароҳатлангани қайд этилган, – деди БМТ Бош котиби ўринбосари Изуми Накамицу Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида.

Шунингдек, ноябрь ойида оддий аҳоли орасида кузатилган ўлим ҳолатининг 42 фоизи узоқ масофага мўлжалланган қуроллар қўлланиши билан боғлиқлиги таъкидланган. Ачинарлиси, бу кўрсаткич аввалги ойларга нисбатан сезиларли даражада юқори.

Мажлисда келтирилган, Украинада Инсон ҳуқуқи мониторинги миссияси томонидан эълон қилинган йиллик ҳисоботга кўра, 1 январдан 30 ноябргача ҳаво ҳужуми оқибатида 341 нафар бегуноҳ аҳоли ҳалок бўлган, 1803 нафар одам яраланган. Бу ўтган йилдаги тегишли кўрсаткичдан уч-олти баробар кўп.